IMG_20190526_070722
May 27, 2019 0

Бухорода кўча савдосига барҳам бериш орқали, солиқ қонунчилиги бузилишларининг олди олинмоқда

Posted by:Администратор onMay 27, 2019

Жорий йилнинг 20 майидан бошлаб Бухоро вилоятида “Кўча бозори савдосига қаршимиз” ойлиги ўтказилмоқда. Ушбу тадбир кўча савдосига барҳам бериш ва тадбиркорларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни ўрганиш орқали уларни бартараф этишга қаратилган.
Куни-кеча ана шундай тадбир “Вобкент марказий деҳқон бозори”да ҳам ўтказилди. Янгидан бунёд этилган замонавий бозорнинг қиёфасига ҳавасингиз келади.
Шу ўринда мазкур янги мажмуа ҳақида қисқача маълумот берсак.
Бозор ҳудудидан кириш портали, иккита супермаркет, 108 та ноозиқ-овқат, 24 та озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилиш дўконлари, шунингдек, парранда, балиқ гўшт, сут ва нон маҳсулотлари, қуруқ мевалар билан савдо қилишга мўлжалланган тўртта павильон, 1050 ўринли катта мавсумий ва тўртта кичик мавсумий айвон, умумий 600 ўринли учта автотураргоҳ, 100 ўринли автомобиллар билан савдо қилиш майдони, маъмурият ва мегамаркет биноси ўрин олган.
Қисқаси, бу ерда тадбиркорлар ва хиридорларга тоза-озода, эмин-эркин савдо қилишлари учун барча шароит яратилган.
Аммо, кези келганда айтиш керакки, ана шундай замонавий бозорда ҳам айрим тартибсизликлар кўзга ташланмоқда. Ачинарлиси, бозор ҳудудида бўш дўконлар мавжуд бўлишига қарамай, айрим фуқароларнинг бозор атрофидаги йўлакларда ноқонуний равишда савдо қилаётганликлари харидорларга турли ноқулайликларни келтириб чиқараётган бўлса, бозор ҳудудида қонуний фаолият юритаётган тадбиркорларнинг савдо-сотиқ ишларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ачинарлиси, бу ерда озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини белгиланган тартибда яъни, расталарда сотиш учун барча шароитлар яратилганига қарамай, фуқароларимиз йўлакларда ноозиқ-овқат маҳсулотларидан тортиб, озиқ-овқат маҳсулотларини ҳам кўча шароитида сотмоқдалар.
Аслида, бу ерда янги бозорни қуриб ишга туширишдан кўзланган асосий мақсад харидорларга савдо-сотиқ тартиб-қоидаларига амал қилган ҳолда хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш эди. Негаки, бугунги куннинг асосий талаби ҳам барча соҳалар сингари савдо-сотиқ ишларида ҳам сифатли хизмат кўрсатишни тақозо этмоқда.
Ачинарлиси, айрим тадбиркорларнинг бозор ҳудудида тижорат дўконлари бўлишига қарамай, кўчада ноқонуний равишда савдо қилаётганликларига нима дейсиз.
Ана шундай тадбиркорлардан Комил Жўраев, Анвар Қўзиев, Дилноза Эсанова, Жамол Сатторов, Муҳсин Эсанов, Гулнора Хидорова ва Мусаллам Жўнатовалар давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан бир неча бор огоҳлантирилган.
Тадбир кунида эса уларга охирги огоҳлантириш берилди.
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 26 ноябрдаги “Юридик ва жисмоний шахсларни рўйхатдан ўтказишни ҳамда улар томонидан савдо фаолияти амалга оширилишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 407-сонли қарори билан юридик шахслар ва жисмоний шахслар томонидан чакана ва улгуржи савдони амалга ошириш тартиби белгиланган, – дейди вилоят ДСБ шўъба бошлиғи А.Ғафуров. – Мазур қарор билан тасдиқланган “Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги НИЗОМнинг 31-бандида чакана савдони турғун савдо тармоқлари орқали амалга оширишда товарларни савдо шохобчасидан ташқарида, шу жумладан кичик дўкончалар орқали сотишга йўл қўйилмаслиги кўрсатиб ўтилган.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, товарларни фақатгина савдо дўкони ичида сотиш ва савдо дўкони ташқарисига чиқармаслик, санитария нормалари, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, шунингдек шохобчада назорат-касса машинаси, тўлов терминали мавжуд бўлиши ҳамда уларни белгиланган тартибда ишлатиш мажбурийдир.
Афсуски, кўчада савдо қилаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорларнинг на назотар касса машинаси ва на тўлов терминали бор. Уларнинг ушбу ҳатти-ҳаракатлари ҳукуматимиз томонидан улар учун яратиб берилаётган эркинлигу имкониятларга хиёнат эмасми?

Ноқонуний йўлни тутиб, кўчада савдо қилаётган фуқаролар билан олиб борилган тушунтиришлар жараёнида уларга ҳеч қандай чоралар кўрилмасдан, товар моддий бойликлари олиб қўйилмаганига қарамай, давлат солиқ хизмати ходимлари фаолияти ва қонуний талабига бўй синмай уларга кескин қаршилик кўрсатиш ҳолатлари ҳам кўзга ташланди. Ана шундай фуқаролар қонун турткисини кутгандек ички ишлар ходимларининг белгиланган тартибдаги огоҳлантиришларидан сўнгина кўчадаги ноқонуний фаолиятларини тўхтатдилар.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, бу каби тадбирлардан кўзланган мақсад кўча савдосига барҳам бериш орқали барча сотувчилар учун бирдек қулай шарт-шароитлар яратишдир. Эътиборлиси, кўча савдосига барҳам берилгач, жойларда учраб турган солиқ қонунчилиги бузилишларининг олди олинишига шубҳа йўқ.

IMG_20190526_073559

IMG_20190526_075405

IMG_20190526_075408

IMG_20190526_081438

IMG_20190526_081735

IMG_20190526_081803

IMG_20190526_081830

IMG_20190526_082010

IMG_20190526_084508

IMG_20190526_084627

 

IMG_20190526_084752

Б.Файзиев.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.