f2e27e65da60a822c186d
May 23, 2019 0

“Қоракўл-Шўробод яйловлари” тажрибаси қандай самара берди?

Posted by:Администратор onMay 23, 2019

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Қоракўл – Шўробод яйловлари” масъулияти чекланган жамиятига 3 минг гектар яйлов ер майдони ажратиб берилган эди.

Бу Бухоро вилоятида фаолият юритаётган чорвачилик йўналишида хўжалик ҳисобидаги биринчи бирлашмадир. Унинг ўзига хослиги МЧЖ ҳудудида яйловдан фойдаланишда уйғунлашган бошқаришни режалаштириш механизми жорий қилинаётганида.

БМТ нинг Тараққиёт Дастури (БМТТД), Глобал Экологик Жамғарма (ГЭЖ) ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларида суғорилмайдиган қурғоқчил ерларни рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Қоракўл-Шўробод яйловлари” масъулияти чекланган жамиятининг дастлабки фаолияти қандай бўлди?

Buxoro.uz

“Азия Бухоро” меҳмонхонасида бўлиб ўтган “Яйловлардан фойдаланишда уйғунлашган бошқаришни режалаштириш механизмини жорий қилиш: тажриба, ютуқ ва истиқбол” мавзуидаги давра суҳбатида ана шу ҳақда сўз юритилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, БМТТДнинг лойиҳаси, Бухоро вилояти иқтисодиёт, молия, қишлоқ хўжалиги ташкилотлари, ўрмон хўжалиги, экология ва табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси, фермерлар кенгаши, прокуратора ва Қоракўл туман хокимлиги вакиллари иштирок этди.

Таъкидландики, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш, аҳолини сифатли ва экологик тоза чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашда яйлов чорвачилигининг алоҳида ўрни бор.

Бугунги кунда етиштирилаётган гўшт ва сутнинг асосий салмоғи аҳоли хонадонлари ва деҳқон хўжаликлари улушига тўғри келади. Уларнинг бир қисм қўй – қўзилари яқин атрофдаги ўрмон хўжаликлари ва фермерларга тегишли яйловларда боқилади. Аммо текинга эмас. Бунинг устига мазкур яйловлардан пала – партиш, яъни режасиз фойдаланилаётгани ва бошқа сабабларга кўра, уларнинг 30 фоиздан 70 фоизгача қисми инқирозга учраган. Ўсимликлар қоплами сийрак. Ем-хашакбоплари кескин камайиб, улар ўрнини озуқабоп бўлмаган ўтлар эгаллаган. Ҳосилдорлик жуда паст.

Олимларнинг ўрганишлари шуни кўрсатяптики, қумли чўл яйловларида меъёрдаги барқарор биологик хилма – хилликда 100 турга яқин ўсимликлар бўлиши керак. Лекин, ҳозирги пайтда Қоракўл тумани кенгликларидаги ўсимлик турлари юқоридаги меъёрдан икки марта кам. Бундай ҳолат “Қоракўл –Шўробод яйловлари” МЧЖ ҳудудига ҳам хос.

Buxoro.uz

Мазкур масъулияти чекланган жамиятда яйловларнинг қўй сиғими 2 минг 2 минг 500 бошга мўлжалланган. Лекин боқилаётган чорва моллари сони ҳозирча 513 бошни ташкил этмоқда. Бунинг сабабини турлича изоҳлаш мумкин. Ҳали аҳоли ўртасида қўй-қўзиларни яйловдан фойдаланувчилар бирлашмаси ҳудудида тўлов (ойига ҳар бош учун 2 минг 500 сўм) асосида боқиш учун топширишга хоҳиш камроқ. Ҳолбуки улар подаларини яйловлардан ўзбошимчалик билан фойдаланган ҳолда боқаётган ёлланма чўпонларга хизмат ҳақини МЧЖ даги нархдан кўпроқ тўлашмоқда. Қолаверса, ёлланмалар ихтиёрига берилган қўй -қўзилар турли сабабларга кўра (касалланса, йиртқич ҳайвонлар ҳужумига учраса, ўғирланса) талофот кўрса зарарни қоплаш у қадар тўла кафолатли эмас.

“Қоракўл-Шўробод яйловлари” МЧЖ ўз зиммасига нафақат унга молларини боқиш учун топширган аъзолар олдида масъулият, балки давлат томонидан МЧЖга ижарага берилган ердан самарали фойдаланиш, яйлов ҳолатини тегишли даражада сақлаш борасида қонун олдида жавобгарлик ҳам юклатилган.

Buxoro.uz

Бугунги кунда “Шўробод”, “Қулончи” ва “Пойкент” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида яшовчи аҳоли билан тузилган хўжалик шартномаси асосида уларга чорва молларини боқиш ёки боқтириш учун яйловдан фойдаланиш хизмати кўрсатилмоқда, – дейди “Қоракўл-Шўробод яйловлари” масъулияти чекланган жамияти раиси Ғанишер Жумаев. – Аммо вазифамиз фақат шу билан чекланмайди. Аҳолининг яйловдан самарали фойдаланиши учун тегишли шароит яратиш, уларга ўз кучимиз билан жамғарилган ем-хашак озуқасини марказлашган ҳолда сотиш баробарида, келажакда наслчилик ишларини ташкил этиб, аҳолиси ихтиёридаги чорва молларини сунъий уруғлантиришни ҳам йўлга қўямиз.

МЧЖ раҳбарияти яйловнинг таназзуллиги олдини олиш, улардаги ўсимлик қопламини тиклаш ва ўтлоқлардан самарали, илмий асосда фойдаланиш режасини ишлаб чиққан. Унга кўра, ҳар бир сурувга мўлжалланган майдонлар бир неча қисмга бўлинган ҳолда, уларда пода мавсумий, яъни баҳор, ёз, куз ва заруратга кўра қишда боқилади. Бу ўсимлик илдизлари туёқ остида топталмаслигининг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Яна бир жиҳат. Давра суҳбатида “Қоракўл-Шўробод яйловлари” масъулияти чекланган жамиятига яйловларни яхшилашда, эндем, яъни ҳудудга хос бўлган чўғон, черкез, боялич, терескен, қуйровуқ, изень каби ўсимликларидан фойдаланиш тавсия қилинди.

Албатта, яйловдан фойдаланувчи ташкилотнинг самарали фаолият юритиши унинг молиявий аҳволига, буюртмачилар, яъни аҳолининг чорва моллари яйловларда боқилиши учун тўловларни ўз вақтида тўлашига ҳам боғлиқ.

– Биз “Ўзбекистоннинг тоғли, ярим чўл ва чўл ландшафтларида суғорилмайдиган қурғоқчил ерларни рақобатли эксплуатация қилиниши натижасида табиий ресурслардан фойдаланиш босимини камайтириш” лойиҳаси доирасида Жиззах вилоятининг Зомин ва Бухоро вилоятининг Қоракўл туманларида кўламли тадбирларни амалга оширдик, – дейди лойиҳа менежери Тўлқин Фармонов. – Жумладан, “Қоракўл” наслчилик МЧЖ ҳудудида чўпон оиласи учун инновацион 3 хонали уй, 750 бош қоракўл қўйларини сақлаш учун қўтон, сув ва электр энергия таъминоти, жун қирқиш шохобчаси, дағал хашакларни сақлаш омборхонаси, сув минораси, зооветеринария ва сунъий қочириш пунктлари каби инфратузилма объектларидан иборат ихчам чорвачилик мажмуаси қурилди ва фойдаланишга топширилди, 10 дона таъмирталаб қудуқлар мукаммал созланди. Умуман, ўнга яқин кичик лойиҳалар амалга оширилди. Мана энди, бунёдкорлик ишларини “Қоракўл-Шўробод яйловлари” МЧЖда давом эттиряпмиз. Баҳор бошларида МЧЖнинг 2 гектар майдонида яйловбоп ўсимликлар уруғчилигини ташкил қилишга амалий ёрдам бердик. Шунингдек, бу ерда қўй- қўзилар учун 3 та кўчма ёзги молхона қурамиз. Уларда пода ёз жазирамасида сақланади, тунлайди.

Давра суҳбатида яқинда қабул қилинган “Яйловлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Мазкур қонунда яйлов майдонларини фойдаланишга бериш тартиби ва муддатлари, уларнинг муҳофаза қилиниши, қайта тикланишини таъминлашнинг ҳуқуқий механизмлари ҳамда бошқа жиҳатлари белгилангани яйловдан фойдаланувчи масъулияти чекланган жамиятлар фаолиятини ривожлантириш, ер ресурсларни асраш, биохилма-хилликни барқарорлаштиришда муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Эркин ЁДГОРОВ,
журналист

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.