photo_2019-05-16_15-48-21
May 16, 2019 0

Ҳунармандларга берилган солиқ имтиёзларидан кимлар фойдаланишга уринмоқда?

Posted by:Администратор onMay 16, 2019

Юртимизда ҳунармандчиликни ривожлантириш, ушбу фаолият билан шуғулланувчиларга янада қулай шароит яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб енгилликлар берилган.

Қувонарлиси, Бухорода ҳам ушбу қўллаб-қувватлашларидан  фойдаланиб, фаолиятини кенгайтирган ҳолда солиқ мажбуриятларини ҳам ўз вақтида тўлаб, солиқ қонунчилигига риоя этиб, иқтисодиётимиз юксалишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ҳунармандлар сафи тобора ортиб бормоқда.

Биргина мисол. 2019 йил 1 май ҳолатига Бухоро вилоятида “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар сони 1800 нафарга етди. Бу ўтган йилнинг 1 майига нисбатан 700 тага кўп деганидир. 2018 йил давомида вилоятимизда фаолият олиб бораётган ҳунармандларга қатъий белгиланган солиқ бўйича 1 миллиард 500 миллион сўм имтиёз қўлланилган. 2019 йилнинг ўтган даврида эса солиқ имтиёзи туфайли вилоятимиз ҳунармандлари ихтиёрида 660 миллион сўмдан ортиқ маблағ қолган.

Гап ҳунармандчилик фаолияти ҳақида борар экан, шоли курмаксиз бўлмаганидек, бугунги кунда намунали ҳунармандларимиз орасида ҳунармандчиликка ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиб, солиқ имтиёзларидан фойдаланиб қолишга уринаётган учар тадбиркорлар ҳам йўқ эмас.

Бухоро шаҳрида давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан олиб борилган профилактик тадбирларда ана шундай учар тадбиркорларнинг бир нечтасини учратдик.

Аниқроғи, ҳунармандларнинг фаолиятлари таҳлил қилинганда, баъзиларининг фаолият тури тадбиркорлик гувоҳномасидаги фаолият турига мос келмаслиги маълум бўлмоқда.

Устахонаси йўқ ҳунарманд

ўз маҳсулотларини қаерда тайёрлаши мумкин?

Мисол учун, Бухоро шаҳридаги “Тоқи телпакфурушон” мажмуасида ўтказилган профилактик назорат тадбирида бир қанча қонунга зид ишлаётганлар аниқланди. Хусусан, ҳужжатда “миллий либослар тайёрлаш” фаолияти билан шуғулланувчи ҳунарманд деб кўрсатилган Илҳом Ахмедов ўз дўконида қизлари билан ҳунармандчилик буюмлари эмас, балки ишлаб чиқарувчиларнинг тайёр маҳсулотлари билан савдо қилмоқдалар. Афсуски, шу куни улар ўзларини ҳарқанча ҳунарманд эканликларини исботлашга уринмасинлар, ҳатти-ҳаракатлари эса бунинг аксини кўрсатаверди. Мисол учун, улардан миллий либослар тайёрлаш цехини кўрсатишларини сўраганимизда ота-болаларнинг пайтавасига қурт тушди. Ачинарлиси, улар томонидан кўрсатилган тикув цехида ва алмисоҳдан қолган тикув машинасида ишлашнинг ҳеч иложи йўқлиги кундай равшан эди.

– Асосан маҳсулотларимизни қўшниларимиз тайёрлаб беришади, қизларим эса уларни  “Тоқи телпакфурушон” мажмуасидаги дўконимизда сотишади, – дейди Илҳом Ахмедов. – Тўғрисини тан олишим керак, ҳунармандчилик буюмлари билан савдо қилиш ҳам солиқ имтиёзига эга деб ўйлагандим. Давлат солиқ хизмати ходимларининг профилактик суҳбатларидан тушундимки, ушбу имтиёздан факат ҳунармандларнинг ўзлари фойдалана оларканлар. Энг асосийси, фаолиятимни зудлик билан қонунийлаштириб, фарзандларимни ёлланма ишчи сифатида ишга қабул қилсам, уларнинг келгусидаги пенсия таъминоти учун ҳам яхши бўларкан.

“Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлиб, фаолият кўрсатаётган  Илҳом Ахмедовнинг банкда ҳисобрақами бор ёки йўқлиги билан қизиқдик. Аслида давлат рўйхатидан ўтган ҳар бир ҳунарманд ҳисобрақами очиш учун банкларга мурожаат қилиши керак. Бироқ, бу хизматлар бепул амалга оширилса-да, унинг ҳисобрақами мавжуд эмас экан. Ҳатто, унинг назорат касса машинаси ҳам йўқ.

Ушбу ҳолат аслида гул босилган газламалар ва чокли буюмлар тайёрлаш фаолияти билан шуғулланиши учун “Ҳунарманд” уюшмаси аъзолигига киритилган Мастура Эгамованинг ҳам фаолиятида кузатилди. Мастура Эгамованинг Тоқи телпакфурушон мажмуасида эгаллаган савдо дўконида унинг турмуш ўртоғи Юнус Эгамов ҳам савдо фаолияти билан шуғулланаяпти. Биз бу ердаги гул босилган газламалар ва чокли буюмлардан ташқари ҳунармандчилик маҳсулотларини кўздан кечириб, улардан сотаётган маҳсулотларининг айнан қайси бирини ўзлари ясаганликлари ва ҳунармандчилик устахоналарини сўрадик. Табиийки, бизнинг ушбу саволларимизга улар тайинли жавоб бера олмадилар. Сабаби, мазкур мажмуа атрофидаги кўпгина савдо дўконларидаги бир-хил кўринишдаги ва тусдаги ҳунармандчилик маҳсулотлари уларнинг ушбу маҳсулотларни арзон нархларда ҳунармандлардан харид қилиб сотаётганликларини исботлаб турибди.

Бироқ, уларнинг савдо пештахтасига гўёки ўзлари ясаган ҳунармандчилик маҳсулотларини қалаштириб ташлаганликлари кулгили. Негаки, уларнинг тадбиркорлик гувоҳномаларида ҳунармандчиликнинг айнан қайси тури билан шуғулланишлари аниқ-равшан қилиб ёзиб қўйилган. Шунга қарамай, улар ҳатто тайёр маҳсулотларни сотишмоқда.

Ана шундай кўзбуямачилик фаолияти билан “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолигини олиб, қатъий белгиланган солиқдан ҳамда ягона ижтимоий тўловни тўлашдан имтиёзни қўлга киритган Раъно Раҳмонова билан давлат солиқ хизмати ходимларининг профилактик суҳбати самарали бўлди.

Эътиборлиси, Раъно Раҳмонова бу билан узоққа бора олмаслигини ва фаолиятини қонунийлаштириб қўйса, имкониятлари янада кенгайишини ҳисобга олиб шу куннинг ўзида озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо қилиш фаолият тури бўйича якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтди.

 

Солиқларга ҳам бировнинг ҳақи деб қарашимиз керак

Тоқи телпакфурушон мажмуасида ўтказилган профилактик тадбир кунида қизиқ бир ҳолатга дуч келдик. Ўзини ҳунарманд деб таништирган Истат Яхшиева ҳам савдога қўйилган маҳсулотларни ўз қўли билан яратганига бизни ишонтирмоқчи бўлди. Аммо, савдо учун янги-янги маҳсулотларни ҳунармандлардан арзон нархларда олиб келишга ёрдамлашувчи отаси Эрмат Яхшиевнинг фикрлари унинг фикрларини бутунлай инкор қилди.

– Вилоятимизнинг Шофиркон тумани ва Навоий вилоятининг Нурота туманларида ҳунармандчилик цехларимиз бор, – дейди Эрмат Яхшиев. – Мазкур цехларда 50 га яқин хотин-қизларимиз асосан сўзаналар ва қўлда гиламлар тўқийдилар. – Уларнинг бажарган ишига қараб, оғзаки келишувга кўра ойига 500 минг сўмгача ҳақ тўлаймиз.

Суҳбатдошимизнинг фикрларидан кўриниб турибдики, у солиқдан қочиш мақсадида нафақат  “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлган балки жойларда яширин цехлар ташкил қилиб, кўплаб фуқароларга “конверт” усулида ҳақ тўлашдан ҳам тап тортмаяпти.

Ҳақиқий ҳунармандлар эса фаолият туридан келиб чиққан ҳолда 5 нафардан 10 нафаргача шогирдни ёллаб ишлатиб, уларга расмий равишда ҳақ тўлаяптилар.

Ана шундай ҳунармандлардан бири Бахтиёр Кенжаевнинг фаолияти билан қизиқиб, у кишини суҳбатга тортидик.

– Негадир ҳунармандларга берилган солиқ имтиёзларидан кўзбўямачилик қилиб, фойдаланишга ўринаётган тадбиркорлар кўпайиб бораётгани мени таажжублантиради, – кекса ҳунарманд Бахтиёр Кенжаев. – Қарииб, 40 йилдан бери гиламчилик билан шуғулланиб келаман. Ҳукуматимизга раҳмат, бизга берилган енгилликлар туфайли ўғилларим, келинларим ва невараларим ҳам шу касбни этагидан тутишди. Биз бу ерда ип йигиришдан тортиб, қўлда тўқилган гилам тайёр ҳолатга келгунича керакли барча жараёнларни ўз қўлимиз билан бажарамиз. Берилган енгиллик ва солиқ имтиёзларини ана шу машаққатли ишларимиз учун мукофот деб биламан. Шундай экан, ўроқда йўқ, машохда йўқ, хирмонга ҳозир учарларнинг ишларини тўғри деб ўйламайман. Негаки, солиқларга ҳам бировнинг ҳақи деб қарашимиз керак. Зеро, кексаларимиз ҳам бекорга фарзандларига бировнинг ҳақига хиёнат қилмасликни айтмайдилар. Афсуски, солиқдан қочиш мақсадида, ўзларини ҳунарманд қилиб кўрсатаётган айрим тадбиркорларнинг кирдикорлари ҳам ўз яқинларининг ҳақига хиёнатдан бошқа нарса эмас.

 

Фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас,

 уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши зарур

Абдулазизхон мадрасаси ҳам ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси учун қулай масканга айланган. Эътиборли, томони бу ерда ҳунармандлар ўзларининг қўл меҳнатларини шу ернинг ўзида тайёр ҳолга келтириб, савдога чиқарадилар. Соха мутахассисларининг билдиришича, чет эллик меҳмонлар кўп жам бўладиган Тоқи телпакфурушон мажмуаси, Арк қалъаси ва бошқа савдо дўконларини тўлдириб турган ҳунармандчилик маҳсулотларининг аксарият қисми шу ердаги усталарнинг қўл меҳнатлари орқали яратиган ҳунармандчилик маҳсулотлари экан.

Ҳунарманд Ахтам Субҳоновнинг устахонаси ва унинг қўл меҳнати билан тайёрланган миниатура санъатини томоша қилиб, худди шундай маҳсулотларни бошқа ҳунармандчилик дўконларида ҳам кўрганимизни билдирдик ва унинг тайёр маҳсулотларини сотиб олиб ўзларини ҳунарманд қилиб кўрсатаётган айрим учар тадбиркорлар ҳақида фикрлари билан қизиқдик.

–  Мен тайёрлаган маҳсулотларни Бухоромизнинг эски шаҳар қисмидаги кўпчилик тадбиркорлар сотиб олишади, – дейди Ахтам Субҳонов. – Ўз ижодий ишларимни асосан, Абдулазизхон мадрасасидаги устахонамда ясайман. Бу ишларда менга кўпроқ ўғлим ёрдам беради. У ҳам келажакда менга ўхшаб ҳунарманд бўлмоқчи.

Таъкидлаш керак, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳа субъектлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, улар учун кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилмоқда. Бироқ, ана шу имкониятларга қарамай айрим тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқлардан қочиш ҳолатлари кузатилгани ачинарли.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, вилоят давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан ҳунармандлар учун берилган солиқ имтиёзларидан ноқонуний равишда яъни, ўз манфаатлари йўлида фойдаланаётган фуқароларга 10 кун муддатда фаолиятларини қонунийлаштириб қўйишлари бўйича огоҳлантириш хатлари берилди.

Аслида фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши зарур.

Яъни, бизнинг қонуний фаолиятимиз, солиқ тушунчасига онгли муносабатда бўлишимиз, турмушингизнинг барча тармоқларига ўз ҳиссамизни қўшаётганимизни ҳар қадамда эслатиб туради. Солиқдан қочиш эса, фарзандларимизнинг бахтли келажаги ва кексаларимизнинг ижтимоий таъминотига бефарқлигимизни билдиради. Шундай экан келинг тинчлигимизнинг барқарорлиги, давлатимиз ўз вазифаларини муваффақиятли бажариши ва мамлакатимизнинг янада изчил ривожланишини таъминлашга ўз хиссамизни қўшайлик. Зеро, инсон учун бундан ортиқ бахт йўқ.photo_2019-05-16_15-48-24

 

photo_2019-05-16_15-48-34

photo_2019-05-16_15-48-36

photo_2019-05-16_15-48-38

photo_2019-05-16_15-48-44

photo_2019-05-16_15-48-46

Баҳодир Файзиев,

Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва

 ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.