c8a306fa332c65462fe9b9366da37f0e0514
May 14, 2019 0

Ҳаводан сув оладиган ускуна ўрнатилди

Posted by:Администратор onMay 14, 2019

Бухоро шаҳридаги 32 – Меҳрибонлик уйида республикамизда биринчи бўлиб ҳаводан сув оладиган ноёб ускуна ўрнатилди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Исроил давлатининг “Watergen Ltd” компанияси, Холон технологиялар институти билан ҳамкорликда амалга оширилган мазкур лойиҳага кўра, махсус генератор ҳаво намлигидан фойдаланган ҳолда экологик тоза ичимлик сувини ҳосил қилади. Қурилма бир суткада 900 литргача сув чиқариш қувватига эга.
– “Watergen” технологияси асосидаги бу ускуналар дунёдаги энг кам энергия сарфловчи ҳаво – сув генератори саналади, -дейди республика Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори Шаҳобиддин Шарифов. – Қурилма шунингдек,бир нечта тўсиқли фильтр каскадлар орқали ҳавони фильтрлайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, атмосфера ҳавоси намликнинг улкан ҳавзаси саналади. Ҳатто иқлими қуруқ, чўл ҳудудлардаги ерга яқин жойлашган бир квадрат километр атмосфера қатламида 20 минг тонна сув буғи мавжуд. Бутун дунёда кузатилаётгани каби мамлакатимизда ҳам ичимли тоза сув масаласи долзарблиги инобатга олинса, ушбу лойиҳа истиқболли экани кўзга ташланади.
Дарвоқе, ушбу қурилма Бухорода тажриба тариқасида синовдан ўтказиш учун икки ой муддатга ўрнатилди. Шундан сўнг у Мўйноқ туманида ҳам синовдан ўтказилади.
Дастлабки таҳлиллар кўрсатяптики, ҳаводан олинаётган сувнинг қаттиқлик даражаси меъёрида.
Айтмоқчи, “Watergen Ltd” компаниясининг ушбу генераторлари жаҳоннинг бир қатор давлатлари, жумладан, Вьетнам, Таиланд, Канада ҳамда Жанубий Америкада ишлаб чиқарилмоқда. Унинг уй шароитида ишлатиладиган, суткасига 50 – 100 литр сув берадиган мосламаларига қизиқиш айниқса, катта. Бу дунёдаги энг яхши инновацион лойиҳа сифатида эътироф этилгани ҳам бежиз эмас.
Келгусида мамлакатимизда ҳам ҳар бир хонадонга мўлжалланган, ҳаво намлигидан фойдаланган ҳолда тоза ичимлик сувини ҳосил қилувчи кичик ҳажмли шундай қурилмаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштириляпти.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.