8
May 8, 2019 0

Бухородаги ёшлар имтиёзли кредитлар ҳисобига тадбиркорликни йўлга қўйган маҳалладошларидан ўрнак олмоқдалар

Posted by:Администратор onMay 8, 2019

Бухорода жорий йилнинг ўтган даврида “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида иш билан банд бўлмаган фуқароларга оилавий тадбиркорлик учун қарийб 58  миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

Ушбу маблағлар биринчи навбатда кам таъминланган аҳоли қатламларини тадбиркорликка кенг жалб қилиш мақсадида паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик, тикувчилик, касаначилик, қандолатчилик, ихчам иссиқхоналар ташкил этиш, турли маиший хизмат кўрсатиш каби йўналишларни молиялаштиришга йўналтирилмоқда.

Шу кунларда 4-сектор ишчи гуруҳи қишлоқ аҳолисини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг бизнес ғояларини амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида ўзига хос услубда тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширмоқдалар.

Давлат солиқ хизмати органлари, тижорат банклари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари масъул ходимларидан таркиб топган ушбу ишчи гуруҳи хонадон эгалари ва уларнинг фарзандларини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадидаги тушунтириш ишларини айнан имтиёзли микрокредитлар ҳисобига тадбиркорликни йўлга қўйган маҳалладошларининг уйларида олиб бормоқдалар.

Куни-кеча Бухоро шаҳри ва Когон туманидаги маҳаллаларда ўтказилган ана шундай учрашувлар байрамона сайлга айланиб кетди.

–  Ҳовлимиздаги томарқада имтиёзли кредит ҳисобига иссиқхона ташкил қилганимизга ҳали кўп бўлгани йўқ, – дейди Бухоро шаҳридаги Отбозор маҳалла фуқаролар йиғини Калтаробод қишлоғида истиқомат қилиб келаётган Бешим ака Ҳақкашев.  – Эрта баҳорда фарзандларим билан 7 сотихли иссиқхонасида помидор кўчатларини эккан эдик, айни пайтда кўчатларимиз баравж ривожланиб ҳосилга ҳам кирган.   Ниятимиз шу мавсумда иссиқхонамиздан 50 миллион сўм даромад кўриш, – дейди суҳбатдошимиз.

Бешим ака хонадонига ташриф буюрган аёлларга помидорни парваришлаш технологиялари, уни вақтида суғориш, ўғитлаш борасида тажрибалари ҳақида гапириб берди.

Кредит олиб иш бошлаган Дилноза Ҳамраева

кунига тикувчиликдан 100 минг сўм даромад қилаяпти

Отбозор маҳалласи ёшларидан бири Дилноза Ҳамраева ҳам тижорат банкининг 8 фоизли имтиёзли кредит маблағи ёрдамида тадбиркорлик фаолиятини бошлаганлардан. Шу боис, кўпчилик унинг ҳам бу борадаги дастлабки қадамлари билан қизиқишди.

Ишчи гуруҳи аъзолари йиғилганларга ушбу тадбиркорлар мисолида имтиёзли кредит маблағларини олиб, уларга оилавий бизнесларини йўлга қўйишларида ҳар томонлама кўмак беришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Бундан илҳомланган фуқаролар ўзларининг имкониятларидан келиб чиқиб, оилавий тадбиркорлик фаолиятларини бошлаш учун шу ернинг ўзида керакли ҳужжатларни расмийлаштиришни бошлаб юбордилар.

Мазкур учрашув шу ерлик ёшлардан бири Мансуржон Жўраев учун умурбод эсда қоларли бўлди десак муболаға бўлмайди. Тўғрироғи, ушбу учрашувда у ўзи ўйлаб юрган бир неча йиллик режасини амалга ошириш имкониятини қўлга киритди.

– Ишчи гуруҳи шу ернинг ўзида менга 30 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағини олиб, уйда туяқушчилик фаолиятини йўлга қўйишим учун керакли ҳужжатларни расмийлаштириб бердилар, – дейди Мансур Жўраев. – Мени қувонтиргани, 4-сектор масъул ходимлари ортиқча расмиятчиликни йиғиштириб қўйиб, шу куннинг ўзида Африка туяқушларини парваришлаш фаолияти билан шуғулланиб келаётган таъминотчи корхонасига мени олиб бордилар ҳамда 10 дона туяқуш жўжалари ва унинг озуқасини арзон нархларда харид қилиб бердилар.

Когон туманидаги Ҳукуматобод қишлоғи аҳолиси билан ушбу ҳудудда яшовчи Сайфиддин Ҳожиев нинг хонадонидаги учрашув ҳам самарали бўлди.

Дастлаб йиғилганлар Сайфиддин Ҳожиевнинг хонадонидаги томорқа фаолияти кўздан кечирдилар. Мазкур хонадондаги иссиқхонаха ҳам хонадан эгаларига таъмнотчи корхоналар томонидан қуриб берилганидан сўнг, керакли ҳужжатлар ортиқча оворагарчиликларсиз маҳалланинг ўзида расмийлаштирилган.

– Оила аъзоларимиз билан ушбу томорқада қад ростлаган иссиқхонада помидор кўчатларини рисоладагидек парваришлаяпмиз, – дейди Сайфиддин Ҳожиев. – 2 ойдан зиёд вақт давомида бизнинг бу борадаги тажрибаларимиз анчагина ортди. Тўғриси, бундай ҳукуматимизнинг аҳолига бундай ғамхўрликларини тагида катта маъно ётибди. Негаки, ушбу молиявий кўмак орқали ҳар бир оилада тадбиркорлик тармоғи йўлга қўйилса турмушимиз бундан ҳам яхши бўлади. Бозорларимиз тўкин-сочин, дастурхонимиз қут баракали бўлади.

Иштиёқи бор ҳар қандай ёшга

тадбиркорлик учун шарт-шароит яратиб берилади

Таъкидлаш лозим, Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури асосида имтиёзли кредитлар олиш юзасидан йўлга қўйилган бундай тарғибот ишлари  Ҳукуматобод қишлоғидаги 2 нафар ёшнинг ҳам бизнесини амалга оширишга туртки бўлди десак янглишмаймиз.

– Қишлоғимизда гўзаллик салони йўқлигини ҳисобга олиб, мазкур йўналишда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилиб тадбирда иштирок этаётган сектор раҳбариятига мурожаат қилдим, – дейди Мухлиса Хасанова. – Тўғриси, ташаббусим зудлик билан амалга ошади деб ҳеч ҳам ўйламагандим. Қизиғи, шу ернинг ўзида менга имтиёзли кредит олишим учун барча ҳужжатлар расмийлаштириб берилди. Энди таъминотчи корхона менга гўзаллик салони учун керак жиҳозларни етказиб берса бўлди.

Тадбирдан илҳомланган Муҳаммадали Саъдуллаев эса паррандачилик тармоғи ёнига иссиқхона ташкил қилишни режалаштирди.

Ушбу тадбирда мазкур қишлоқ ёшларидан яна бири Шаҳло Субхонованинг ҳам омади юришди. Тадбирда у 4-сектор масъулларига ишга жойлаштириш масаласида мурожаат қилди ва омадни қарангки унга “Ҳукуматобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги бўш иш ўрни таклифи маъқул бўлди.

Бугун ҳаётнинг ўзи ҳар биримиздан ишбилармоклик, тадбиркорлик қилиб даромад топиш, тадбиркорлик қилганда ҳам тасодифлар эмас, ақл ва уддабуронлик билан иш юритишни тақозо этмоқда. Қувонарлиси, Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури фуқароларимизнинг ана шундай ташаббуслари ва мақсадларини рўёбга чиқаришга яқиндан ёрдам бераётганлиги билан аҳамиятлидир.

Рақамлар билан айтганда,  дастур доирасида вилоятнинг биргина 4-секторида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун жорий йил ўтган даврида тижорат банклари орқали 2400 га яқин оилага 5 миллиард сўм дан зиёд имтиёзли кредитлар берилди.

6

7

8

9

10

11

12

Баҳодир Файзиев,

Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси

Жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.