2
May 7, 2019 0

Тадбиркорлик ниятидаги оилаларни қўллаб-қувватлаш энг биринчи вазифамиз

Posted by:Администратор onMay 7, 2019

Хабарингиз бор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2 май куни «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури ижросини сифатли ташкил этиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасидаги ишлар таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган эди.

Айтиш мумкинки, мазкур йиғилишда секторлар раҳбарлари, тижорат банклари ва жамоат ташкилотлари олдига аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш, оилаларнинг моддий фаровонлигини яхшилашни жадаллаштириш юзасидан белгилаб берилган аниқ вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Бухорода ҳам «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, ҳудуддаги 4-сектор ишчи гуруҳлари ва маҳалла фаоллари уйма-уй ва хонадонма-хонадон юриб, аҳолига мазкур дастурдан кўзланган асосий мақсад кенг тушунтирилмоқда. Шахсий томорқалардан самарали фойдаланиш, такрорий экинлар экиб, қўшимча даромад топиш йўллари ўргатилаяпти.

Айниқса, иш билан банд бўлмаган фуқаролар ва даромад манбаи бўлмаган оилаларга яхши яшаш учун ҳукуматимиз томонидан берилаётган имконият ва имтиёзлардан унумли фойдаланиш йўл йўриқлари малакали мутахассислар ва тажрибали тадбиркорлар ёрдамида ўргатилмокда.

4-сектор ҳудудидаги қишлоқ жойларида тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари эвазига ҳар-бир оиланинг мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб, тикувчилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик ва томарқачилик фаолиятлари йўлга қўйилаётгани эътиборга лойиқ.

Коллежни тамомламаган йигит-қизлар ҳам тадбиркор бўлиши мумкин

Жондорлик Жобир Юсупов ҳали коллежни тамомлагани йўқ. Шунга қарамай, тадбиркорликни бошлаш, даромад топишга иштиёқи баланд бўлгани боис, у уйидаги томарқасида 2 сотихли иссиқхона фаолиятини йўлга қўйишда банкдан имтиёзли кредит олишда кўмак бериш учун маҳалла оқсоқоли ва 4-сектор раҳбарига мурожаат қилди.

– Талабим қўллаб-қувватланганидан хурсандман, – дейди Жобир Юсупов. – 16 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағи ҳисобига томарқамизда 2 сотихли иссиқхона ташкил этиб, ҳозирда бу ерда 200 туп бодиринг кўчатлари ҳамда 300 туп помидор кўчатларини парваришлаяпмиз. Дарсдан бўш пайтларимни асосан ушбу мўжазгина иссиқхонасида ўтказаяпман.

Ушбу оила аъзолари томарқадан самарали фойдаланиб, 10 туп лимон кўчатларини ҳам парваришлаяптилар.

Мазкур туманнинг Зарафшон маҳалла фукаролар йиғини ҳудудида яшовчи Сабина Эркаева ҳам ҳукуматимизнинг аҳолини тадбиркорлик қилиб даромад топишдаги интилишларини қўллаб-қувватлашларидан фойдаланган ҳолда уйида тикувчилик цехини ташкил қилиб адашмаган экан. Бу билан у қайнанаси ва қўшнисини ҳам даромадлик ишга жалб қилди. Айни пайтда улар бeюртма асосида кунига 10 тадан ёстиқ жилдлари ҳамда чойшаблар тикишмоқда.

Уй шароитида Африка туяқушини боқиб, ундан бир йилда қанча даромад олиш мумкинлигини биласизми?

Бухоро шаҳридаги “Шехонча” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Мансур Жўраев уй шароитида Африка туяқушини боқиб, юқори иқтисодий самарадорликка эришиш мумкинлигини ота-онасига тушунтирганида уларни ҳам тадбиркорликнинг ушбу йўналишига қизиқтириб қўйди. Бунинг учун керакли бино ва майдон ҳозирланди.

Аммо, Африка туяқуши жўжаларини харид қилиш ва унинг озуқаси учун керак бўлган сармоя камлик қилди.

– Оила аъзоларимиз билан маслаҳатлашиб, паррандачилик билан шуғулланиш мақсадида банкдан 30 миллион сўм кредит ажратишларида кўмак сўраб 4-секторга мурожаат қилдик, – дейди Мансур Жўраев. – Мақсадимиз сектор раҳбари томонидан қўллаб-қувватланиб, Африка туяқуши жўжаларини арзон нархларда харид қилишга ҳам кўмаклашилди.

Ушбу оила аъзоларининг билдиришича туяқуш боқишдан 6 ойда 30-35 миллион, бир йилда эса 55-60 миллион сўм даромад кўриш мумкин экан.

Фарзандларингизни ютуқлари ва бахтини кўришга нима етсин

Бугун Когон туманидаги Ҳукуматобод қишлоғида ким билан учрашманг суҳбат мавзуси бевосита оилавий тадбиркорликка бурилади. Одамларнинг эришаётган ютуқларидан фахрланиб гапиришларига ҳавасингиз келади.

Иссиқхонасида фарзанди ва келини билан теппа-тенг меҳнат қилиб, помидор етиштираётган шу ерлик Малоҳат опа Жумаева ҳам турмушидан миннатдор. Чунки, унинг тадбиркорлик қилиш истаги амалга ошди.

– Маҳалла фаоллари ва 4-сектор ишчи гуруҳи аъзоларига қилган мурожаатим эътибордан четда қолмади, – дейди Малоҳат Жумаева. Бўш турган томарқамизда 4 сотихли иссиқхона ва ҳовли четидаги айвонда паррандачиликни бошлаб юборишга дастлабки сармоя учун банкдан имтиёзли кредит маблағи олиб берилди. Агар секторимиз масъуллари яна ёрдам беришса иссиқхонамизни яна кенгайтириш ниятимиз бор. Негаки, иссиқхонадан дастлабки даромадимиз чакки бўлмади.

Ушбу оила мисолида айтадиган бўлсак, ҳукуматимизнинг аҳоли турмушини яхшилаш, уларни тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашдаги ғамхўрлигидан бугун оилаларга барака киряпти. Кексаю ёшларнинг иш билан бандлиги, доимий даромад манбаи яратилаяпти.

Мухтасар қилиб айтганда, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури доирасида вилоятнинг биргина 4-секторида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш учун жорий йилда тижорат банклари орқали 2400 га яқин оилага 5 миллиард сўм дан зиёд имтиёзли кредитлар берилди.

Албатта, сарфланган ҳар-бир маблағ яхши самара бериши, оилаларга фаровонлик олиб кириши керак. Бунинг учун ундан мақсадли фойдаланишни йўлга қўйиш, янгидан тадбиркорликни бошлаган фуқароларга ундан даромад топиб, етиштирган маҳсулотининг бозоргирлигини таъминлашга сектор раҳбарлари ва уларнинг ишчи гуруҳлари фаолиятини янада фаоллаштириш зарур. Бу ўз-ўзидан бозорларимиз тўкинлиги ва маҳсулотларимиз нархининг барқарорлигини ҳам таъминлашга хизмат қилади. Бу ислоҳотлардан асосий мақсад – одамларнинг даромадини, юртимиз файзу баракасини оширишдир.

1

2

3

4

Баҳодир Файзиев,

Бухоро вилояти ДСБ

Жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.