photo_2019-04-29_12-28-45
Aprel 29, 2019 0

Бухорода солиқ имтиёзлари туфайли меҳмонхоналар фаолиятини йўлга қўйган тадбиркорлар ихтиёрида 150 миллион сўмдан ортиқ маблағ қолди

Posted by:Администратор onAprel 29, 2019

Ҳар бир тадбиркор ўз бизнесини бошлашдан олдин биринчи навбатда соҳанинг барқарорлигини ўрганади.
Таъкилаш лозим, кейинги йилларда юртимизда туризмнинг мамлакат иқтисодиётидаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Президентимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган фармон ва қарорлар туризмни жадал ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Қувонарлиси, мамлакатимизда туризм тармоғининг ривожига қаратилаётган эътибор туфайли соҳага бўлган қизиқувчилар сони ортганини кўрсатмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майда (ПҚ-2980-сон) «2017-2019-йилларда Бухоро шаҳри ва Бухоро вилояти туристик салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорининг 10-бандига мувофиқ, «Қадимий Бухоро» туристик ҳудудида фаолият олиб бораётган корхоналар, шунингдек инвестиция компаниялари 2020 йил 1 январга қадар:
юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи, фойда солиғи, ер солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови,
шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини ривожлантириш жамғармасига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалардан;
бундан ташқари, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, хомашёлар, бутловчи буюмлар, қурилиш ва бошқа материаллари божхона тўловларидан (божхона йиғимларидан ташқари) озод қилингани ҳудудда меҳмонхоналар сонининг ортишига хизмат қилмоқда.
Айниқса, меҳмонхона қурувчи тадбиркорга сарфлаган маблағининг 15 фоизи миқдорида субцидиялар берилиши яхши самара бермоқда. Шу боис ресторан ёки савдо мажмуаси қураётган тадбиркор меҳмонхона бизнесига кириб келмоқда.
– Бухоро шаҳридаги бўш турган маданий мерос объектларидан бирини реставрация қилиб, меҳмонхона фаолиятини бошлаганимизга кўп бўлгани йўқ, – дейди “Хуржун” меҳмонхонаси раҳбари Лайло Болтаева. – Бунинг учун менга ўхшаган тадбиркорларга ҳукуматимиз томонидан берилган енгилликлар ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Ўзим мисолимда айтадиган бўлсам, фаолиятимизни дастлаб 5 та хона ташкил қилиб бошлаган бўлсак, айни пайтда меҳмонамизда жами 20 ўринга эга 9 та хонамиз бор. Ўтган йили меҳмонхонамизда 1000 дан ортиқ меҳмонларни қабул қилган бўлсак, жорий йилнинг 4 ойида 300 га яқин маҳаллий ва хорижий меҳмонларга хизмат кўрсатдик. Албатта, меҳмонхона бизнесига ҳукуматимиз томонидан берилаётган енгилликлардан фойдаланиб, фаолиятимни янада ривожлантириш ҳаракатидаман.
Олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда Бухоро шаҳрида 200 га яқин меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва хостеллар фаолият юритмоқда.
Ўтган йили вилоятимизга келган сайёҳлар сони 2,5 миллион нафарга етди. Шундан хорижий сайёҳлар сони 300 минг нафарни ташкил этди. Бу аввалги йилларга нисбатан икки баробар кўп демакдир. Айни вақтда вилоятда сайёҳлар оқимини янада ортишини ҳисобга олиб, 60 тага яқин меҳмонхона, хизмат қилувчи инфратузилма объектларини барпо этиш ишлари давом этмоқда. Этиборлиси, мазкур лойиҳалар ишга тушгач, ҳудудда 3000 (минг) га яқин иш ўрин яратилади.
Дарҳақиқат, мамлакатимизнинг, хусусан, Бухоронинг туризм салоҳияти жуда улкан. Ҳозирда юртимиз етти мингдан ортиқ қадимий, меъморий обидаларга эга бўлиб, уларнинг 200 тадан ортиғи ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Айни вақтда Ўзбекистон обидалари кўплиги жиҳатидан дунёда тўққизинчи ўринни банд этган.

– Рақамларга таяниб айтадиган бўлсак, туризмнинг мамлакат иқтисодиётидаги мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида берилган солиқ имтиёзлари туфайли биргина Бухоро вилоятида 2018 йилда (8 та корхона) 220 миллион сўмдан ортиқ, ҳамда 2019 йилда эса (14 та корхона) 150 миллион сўмдан ортиқ маблағ меҳмонхоналар, меҳмон уйлари ва хостеллар фаолиятини йўлга қўйган 20 дан ортиқ тадбиркорлар ихтиёрида қолди, – дейди вилоят ДСБ масъул ходими Санжар Йўллиев. – Албатта, ушбу маблағлар уларнинг фаолиятини янада кенгайтиришга, сервиз хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилашга сарфланмоқда. Жорий йилда ҳам мазкур солиқ имтиёзларининг сақлаб қолинишини инобатга оладиган бўлсак, ушбу маблағлар тармоқ фаолиятини янада ривожлантириб, вилоятимизга сайёҳлар оқимининг орттиришга хизмат қилишига шубҳа йўқ.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. 2019 йил якунига қадар Бухоро вилоятига ташриф буюрадиган хорижий сайёҳлар сони 400 мингга нафарга етиши, туризм экспортидан келадиган даромад эса 900 миллион доллардан зиёд бўлиши кўзда тутилмоқда.

photo_2019-04-29_12-28-53

photo_2019-04-29_12-28-58

photo_2019-04-29_12-29-04

Баҳодир Файзиев.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.