38454920_126232094972614_395119033973735424_n
Aprel 15, 2019 0

Бухорода тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва уларга амалий ёрдам беришга жиддий эътибор қаратилмоқда

Posted by:Администратор onAprel 15, 2019

Солиқ юкини камайтириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш иқтисодиётни ривожлантиришнинг энг муҳим омилларидан биридир. Шу мақсадда ўтган йили Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинган эди. Янги солиқ тизимини жорий қилиш бўйича республика штаби ҳамда ҳокимликлар ҳузурида ҳудудий штаблар тузилиб, жойларда тегишли ташкилий ва тушунтириш ишлари олиб борилди.
Биргина мисол. Бунинг натижасида Бухоро вилоятида қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтган корхоналар сони ўтган йилга нисбатан 5,6  баробар ошди.
Аниқроғи, бугунги кунда умумбелгиланган солиқ тизимига ўтган 2 152 та субъектларнинг 302 таси соддалаштирилган, 1850 таси стандарт – 20 фоизли ставкада қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланади.
Сир эмас, айрим тадбиркорлар янги солиқ тизимини қўллаш бўйича етарли билимга эга эмаслиги туфайли товарларга асоссиз равишда қўшимча устамалар ҳисоблаш ҳоллари учрамоқда. Бу эса истеъмол бозорида нарх-навога ўз таъсирини ўтказмоқда.
Шу мақсадда Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлими ва вилоят давлат солиқ хизмати органлари томонидан янги солиқ тизими бўйича юзага келаётган кўплаб саволларга жавоб топиш учун учрашувлар, оммавий ахборот воситаларида махсус чиқишлар ташкил этилмоқда.
Мулоқотларда Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг мазмун-моҳияти оддий мисоллар ва тадбиркорларнинг фаолияти билан боғланган ҳолда кенг тушунтирилмоқда.
Шу ўринда кишиларда солиқлар камаймади, аммо негадир маҳсулотлар нархи ошдику деган савол туғилиши табиий.
Шу кунларда бу саволни кўпчилик бермоқда.
Юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу ҳолатга айрим тадбиркорларнинг янги солиқ тизимини қўллаш бўйича етарли билимга эга эмаслиги туфайли товарларга асоссиз равишда қўшимча устамалар ҳисоблаш ҳоллари сабаб бўлмоқда.
– Бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари ходимлари тадбиркорларни жазоловчи ёки жаримага тортувчи орган эмас, балки уларга маслаҳатчи ва кўмакчи бўлиб, янги солиқ тизимининг тартиб-қоидалари ва ҳисоб-китобларини, солиқларни аниқ ҳисоблаш ва тўлашда тўғри йўл кўрсатувчи ишончи ҳамкор сифатида иш олиб бормоқда, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Меҳриддин Султонов. – Бу борда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 29-30 март кунлари Бухоро вилоятига ташрифлари давомида “Тадбиркорлик субъектларини  қўллаб-қувватлаш бўйича Бухоро тизимини жорий этиш” юзасидан олдимизга аниқ вазифлар қўйилди. Айни пайтда ушбу йўналишда вилоятда амалга оширилиши режалаштирилган аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, солиқ тўловчиларга ҳисоботларни шакллантириш ва ҳисоб-фактураларни тўлдириш тартиби чуқур ўргатилмоқда.
Яширмаймиз, кўпчилик тадбиркорлар ва уларнинг ҳисобчилари қўшилган қиймат солиғи қандай ҳисобланишини яхши билмайди. Аслида (қўшилган қиймат солиғи) ҚҚС ҳаражатларга таъсир қилмаслиги зарур.

Эслаб қолинг!
•  Товарни харидорга реализация қилаётган тадбиркор ҚҚС тўламайдиган етказиб берувчилар билан ҳамкорлик қилса, у товарни тайёр ҳолга келгунга қадар бўлган якуний қиймат учун 20 фоизли (қўшилган қиймат солиғини) ҚҚС фақат ўзи тўлайди, якунда эса нарх ошади.

Эслаб қолинг!
•  Товарни харидорга тўғридан тўғри реализация қилувчи тадбиркор (қўшилган қиймат солиғини) ҚҚС тўловчилар билан ҳамкорлик қиладиган бўлса, фақат ўзи қўшган қиймат учун (қўшилган қиймат солиғини) ҚҚС тўлайди, натижада, товарнинг якуний нархи ўзгармайди, яъни нархлар ошмайди.

Эслаб қолинг!
•  Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланади. Улар умуман (қўшилган қиймат солиғини) ҚҚС тўламайди. Расмий савдо дўконлари реализация қилинадиган 8 турдаги талабгир қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан, чакана савдода ҳам (қўшилган қиймат солиғи) ҚҚСдан озод этилган. Бу – гўшт ва нон маҳсулотлари, балиқ, картошка, пиёз, тухум, гуруч хамда  шакар маҳсулотларидир.

Эслаб қолинг!
•  Қишлоқ хўжалигининг ноозиқ-овқат маҳсулоти, деганда, асосан текстил ва кийим-кечак маҳсулотлари тушунилади. Текстилда ҳам кўп имтиёзлар бор. Уларнинг савдо занжирида нол ставка ҳам жорий этилган. Бу ўз-ўзидан – кийим-кечакларда ҳам нархлар ошишини олдини олишга хизмат қилади.

Тадбиркор (қўшилган қиймат солиғи) ҚҚСни ҳисоблаш, олинган хомашё ва хизматлардаги (қўшилган қиймат солиғи) ҚҚСни ҳисоблаб, ўз солиғи базасидан айириш, фойдадан олинадиган солиқларни ҳисоблаш учун маҳсулот таннархини чиқариши, ундан кейин фойдани ҳисоблаб, ундан тўланадиган солиқ миқдорини аниқлаб олишиши шарт. Афcуски, тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам бунга тайёр эмас. Шу боис, барча жойларда бўлгани каби Бухорода ҳам фуқаролар ва тадбиркорлар ўртасида солиқ концепциясини тушунтириш ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Албатта, Давлат солиқ хизмати органлари солиқ ислоҳотларининг янги даврида қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигига ва солиқ ҳисоботларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада ҳисобот шаклларининг 9 та иловаси 5 тага камайтирилган, ҳисобварақ-фактураларнинг электрон кўриниши синов тариқасида Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳамда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида қўлланилмоқда.
Яна бир гап. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 4 апрель куни 2019 йилнинг I чораги якунлари бўйича Давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси натижадорлиги ҳамда I ярим йиллик учун белгиланган кўрсаткичларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқларга мувофиқ, айни пайтда қўшилган қиймат солиғи маъмурчилигини тўлиқ автоматлаштириш ва тадбиркорлик субъектларига қулай рақобат шароитини яратиш бўйича тегишли қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Жаҳон банкининг экспертлар гуруҳи билан биргаликда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

•  Факт.
Бошида кўпчилик соддалаштирилган қўшилган қиймат солиғини ҳамма тўлайди, деб ўйлаганди. Бироқ статистика шуни кўрсатяптики, 70 фоиздан кўпроқ умумбелгиланган солиқ тўловчилари стандарт 20 фоизли (қўшилган қиймат солиғини) ҚҚСни тўлашга ўтди. Бу тадбиркорларга стандарт умумбелгиланган солиқни тўлаш манфаатли эканини англатмоқда.

Б.Файзиев.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.