5
Aprel 8, 2019 0

4-сектор раҳбари “Ўба-чўли” қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолисининг ишончини оқлади

Posted by:Администратор onAprel 8, 2019

 Мамлакатимизда халқимиз фаровонлигини ошириш, фуқароларимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб, эртанги кунга қатъий ишонч билан муносиб ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадида жойларда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Бухоро вилоятида ҳам барча секторлар ишчи гуруҳлари томонидан қишлоқ одамлари ҳаёти даражасини ошириш, оилаларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилишга ҳамда уларнинг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишига жиддий эътибор қаратилаяпти.

Когон тумани “Ўба-чўли” қишлоқ фуқаролар йиғини 4-сектор ҳудудига киради.

Таъкидлаш лозимки, мазкур ҳудуд тадбиркорлик учун, айниқса, паррандачилик, асаларичилик ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш учун қулай бўлган шарт-шароитларга эга бўлишига қарамай бу ерлик аҳоли негадир оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишда иккиланиб юрган эди. Тўғрироғи, қишлоқ аҳолисининг тадбиркорликни бошлаш ниятидаги ташаббуслари ортиқча югур-югурлар ва турли қоғозбозликлар сабабли амалга ошмай қолаётганди.

Шу мақсадда яқинда Бухоро вилояти давлат солик бошкармаси ва Когон тумани давлат солиқ инспекцияси масъул ходимлари 4-сектор ҳудудига кирувчи Ўба-чўли қишлоқ фуқаролар йиғинида аҳоли билан учрашиб, уларнинг имкониятлари ва даромад топишга бўлган қизиқишини ўрганган ҳолда тадбиркорликни бошловчилар учун чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, касаначилик, ҳунармандлик каби йўналишларда оилавий бизнесларини йўлга қўйишларидан тортиб, ундан даромад топишгача бўлган барча жараёнларда кўмаклашишларини билдирган эдилар.

Жумладан, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида ушбу қишлоқ аҳолисига бир хил йўналишда тадбиркорликни йўлга қўйиш, яъни асаларичилик ва томарқада иссикхона ташкил этиб даромад топиш уларга ҳар томонлама қулай ва манфаатли бўлиши тушунтирилган эди.

Қувонарлиси, ушбу учрашувдан кўп вақт ўтмай, дастлабки натижалар кўзга кўринди. Куни-кеча ушбу қишлоқнинг 6 та хонадонига имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига асаларичилик тармоғи ва 2 та хонадонда эса иссиқхона ташкил этиб берилди.

– Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси раҳбари “Ўба-чўли” қишлоқ фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашувда бизга иссиқхона ва асаларичиликни йўлга қўйишда яқиндан ёрдам беришини айтганида тўғриси ишонмаган эдим, – дейди шу ерлик Мастон Ҳамроев. – Чунки, ўзим бир неча бор банкдан кредит оломаганлигимни эслаб, у кишига бу иш осон битмаслигини айтгандим. Ўшанда давлат солиқ бошқармаси раҳбари менга энди сиз банкка бориб юрманг, тижорат банклари ходимларининг ўзи сизларнинг олдингизга келади ва иссиқхонани ҳам асаларичиликни ҳам ташкил қилишда имтиёзли кредитларни расмийлаштириб беради деб айтдилар. Тўғриси, тадбиркорлик қилиш иштиёқим бор эди, аммо имкониятим йўқ эди. Қиска фурсатда бизга шундай имкониятларни яратиб берганликлари мен сингари “Мевазор” қишлоғи аҳолисини барчасини қувонтирди. Энг асосийси, бу орқали бир неча йиллардан буён ишсиз юрган келиним билан қизим доимий иш билан банд бўлди. Энди уларнинг рўзғори бут ҳамда доимий даромади бўлади.

Эътиборлиси, ушбу лойиҳаларнинг узлуксиз ва муваффақиятли амалга оширилишига амалий ёрдам бериш мақсадида ҳовлисида асаларилар оиласини боқувчиларга уни парваришлаш тартибини ўргатиш мақсадида вилоят асаларичилик уюшмасидан бир нафар мутахассис ҳам бириктирилди.

– Илгари асаларичилик билан шуғулланиб кўрмаганман дейди, – “Ўба-чўли” қишлоқ фуқаролар йиғини “Ободқипчоқ” қишлоғида истиқомат килувчи Эркин Шамсиев. – Бизга асалариларни парваришлаш ва ундан юкори даромад олишни ўргатиш мақсадида шу соҳа вакили бириктирилганини эшитиб, имтиёзли кредит маблағлари ҳисобига 6 қути асалари оиласини олдим. Ушбу мутахассис дастлабки 6 ой давомида қишлоғимиздаги асаларичиларнинг уйига келиб, белгиланган тартибда асалариларни мустақил парваришлашни ўргатиб, яхши натижаларга эришгунмизча яқиндан ёрдам беради. Бизни энди ҳамма танийди десам муболаға бўлмайди. Негаки, қишлоғимиздаги асаларичилик билан шуғулланувчиларнинг хонадонидаги эшигига асаларини парваришлаш ва бириктирилган мутахассиснинг келиб кетиш режа-графиги ҳам илиб қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, барча жойларда бўлгани сингари Когон туманида ҳам «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури дастури асосида аҳоли бандлиги ва даромадлари ошишига кўмаклашиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар эътиборга лойиқ.

Куни-кеча Когон тумани Маиший хизмат кўрсатиш коллежида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходимлари иштирокида ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан унинг муҳтож қатламларини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишнинг самарали шаклларига ўргатиш, кластер тизими орқали даромадли меҳнат фаолиятига жалб этишга каратилган семинар-тренинг хам самарали бўлди.

Унда йиғилганларга паррандачилик, томарқачилик ва бошқа кўплаб соҳаларда тадбиркорлик фаолиятини йщлга қўйиш истагидаги фукароларга тижорат бинкларининг йиллик 8 фоиз ставкадаги 3 — 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратиладиган имтиёзли кредит маблағлари таклиф этилди.

Шунингдек, бу ерда тажрибали ва малакали мутахассислар томонидан йиғилганларга уй шароитида Бройлер жўжачилик фаолиятини йўлга қўйиш орқали даромад топиш йўл йўриқлари ўргатилди.

Эътиборлиси, бунинг натижасида кўпчилик фуқаролар ушбу соҳага қизиқиб, шу ернинг ўзида имтиёзли кредитлар асосида паррандачилик йўналишида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишга киришиб кетдилар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жойларда қишлоқ аҳолиси билан учрашиб уларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, пул топишни ўргатиш керак бўлса етиштирган маҳсулотларини сотишгача бўлган жараёнларда уларга кўмаклашилаётгани аҳолимизни хурсанд қилиш билан бирга одамларимизнинг давлатимизга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.1+

2+

3+

4+

5

6

Баҳодир Файзиев,

Бухоро вилояти ДСБ

Жамоатчилик билан алоқалар ва

ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.

 

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.