5
Aprel 5, 2019 0

Бухорода тадбиркорлик учун ногиронлар ва ёшларга берилган енгиллик ва имкониятларга кўз олайтираётганлар тўғри йўлга бошланди

Posted by:Администратор onAprel 5, 2019

Айни пайтда Бухоро вилоятида I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга тадбиркорлик фолияти учун берилган солиқ имтиёзларидан 1300 нафардан ортиқ фуқаролар фойдаланмоқда.
Аммо, Давлат  солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан олиб борилган профилактика тадбирлари жараёнида кўплаб хамюртларимиз ногиронлиги бор шахсларнинг ишончига кириб, уларнинг ҳукуматимиз томонидан берилган имкониятларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиб қолишга ҳаракат қилаётганликлари аниқланди.
Хусусан, Бухоро шаҳар Намозгоҳ кўчаси ёқасида жойлашган бинода сомса пишириб сотиш фаолияти билан шуғулланаётган Мурод Атоев ва унинг турмуш ўртоғи Мусабия Атоеванинг ҳатти-ҳаракатларида солиқдан қочишга уриниш ҳолатлари кузатилди.
Аниқроғи, Мурод Атоев I-гуруҳ ногирони бўлган фуқаро Ихтиёр Авезовнинг ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда камайтирилган ставкада солиқ тўловларини тўлаш учун Ихтиёр Авезовнинг ишончига кириб, 2018 йилнинг 1 ноябрида унинг номига тадбиркорлик гувоҳномасини расмийлаштирган.
Натижада у 750 минг сўм ўрнига у бор йўғи 101 минг 350 сўм тўлаб келмоқда.
Шу боис, давлат  солиқ хизмати органлари ходимлари фуқаро Ихтиёр Авезовга керакли маслаҳатлар бериб, унга ўз ҳақ-ҳуқуқларидан мақсадли фойдаланишини тушунтириш мақсадида унинг яшаш манзилида ҳам бўлдилар.
Таъбир жоиз бўлса айтиш жоизки, Ихтиёр Авезовнинг ота-онаси ҳам оғир бетоб. Ушбу хонадонда ногирон турмуш ўртоғи ва қайната-қайнанаси ҳамда 2 нафар фарзандидан ортиб, уй юмушларини ҳам уддалаётган  Ихтиёр Авезовнинг турмуш ўроғига ҳар қанча таҳсин айтсангиз арзийди.
Аммо, унинг ҳам ҳамма ишга кучи етмайди. Шу ўринда ушбу оила шароитини бошқалардан кўра кўпроқ билган маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддиларининг Ихтиёр Авезовнинг моддий ёрдам сўраб қилган мурожаатини рад қилишгани ачинарли.
Шунга қарамай, ушбу хонадон эгалари умидларини сўндирмасдан, бор куч ғайратларини ишга солиб, тижорат банкининг имтиёзли кредит маблағи ҳисобига ҳовлида қўй боқишни йўлга қўйишгани ибратлидир.
Солиқдан қочишни кўзлаб I-гуруҳ ногиронлиги бўлган Фания Мавляевага берилган имтиёзлардан фойдаланишга уринаётган фуқаро Лола Ярашева билан Бухоро шаҳар давлат солиқ инспекциясида олиб борилган профилактик суҳбат самарали бўлди. Аниқланишича, ушбу шахс «Карвон» буюм бозорида  I-гуруҳ ногиронлиги бўлган Фания Мавляеванинг номига ноозиқ-овқат товарлари билан чакана савдо фаолиятини йўлга қўйиб, ўзи ушбу  тадбиркорга ёлланма ишчи сифатида рўйхатдан ўтган. Ажабланарлиси, бу билан у гўёки барча ишларини қонунийлаштиргандек ўзини хотиржамдек тутиб юрган.
Аммо, давлат солиқ хизмати ходимлари тадбиркорнинг ўзи қаердалигини суриштирганларидан сўнг у даромад топиш учун хато йўлни танлаганини тан олди.
– Тўғриси, ўзим учун енгиллик топиш мақсадида ногиронларга берилган имтиёзлардан фойдаланиб қолишга уринишимнинг оқибатларини чуқур ўйламаганлигим мени ноқулай аҳволга қўйди, – дейди Лола Ярашева. Хатоимни тан оламан. Давлат солиқ хизмати ходимларига раҳмат мени ўз вақтида жавобгарликдан асраб қолишди. Энди зудлик билан ногирон фуқаронинг номига берилган тадбиркорлик гувоҳномасини ўз номимга расмийлаштиришга қарор қилдим. Ўйлайманки, бу у билан нафақат эл-юрт ва яқинларим олдида ўз шаънимни асраб қолдим балки виждоним олдида ҳам жавобгарликдан қутулдим.
«Каровон» буюм бозорида узоқ йиллардан буён тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган Феруза Розиқованинг ҳам солиқдан қочиш мақсадида тадбиркорлик фаолиятини тугатиб, ногирон бўлган онасининг ҳақ-ҳуқуқларидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланаётани аниқланди.
Ҳудди шундай, мазкур бозорда болалар кийим-кечаги савдосини йўлга қўйган Назира Тўхтаева ҳам фуқаро Мавлуда Камолованинг ишончига кириб, унинг ногиронлигидан фойдаланаётган ҳолда солиқ тўловларини камайтирилган ставкада тўлаб келмокда экан.
Афсуски, бундай ҳолатларни «Карвон» буюм бозорида кўплаб тадбиркорларда учратдик.
Тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган II-гуруҳи ногиронлиги бўлган Саломат Асадовани давлат солиқ хизмати ходимлари ҳеч қачон учратишмаган. Профилактик тадбирда аниқланишича, унга ёлланма ишчи сифатида расмийлаштирилган Муслима Эргашева унинг ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда солиқдан қочишга уринмоқда.
Ногиронлиги бўлган Бўри Жумаевнинг турмуш ўртоғи Мақсад Туйчиева ҳам узоқ йиллар тадбиркорлик фаолиятини олиб бориб, ундан яхшигина даромад топганлардан. Шу боис, унинг фарзандлари ҳам шу йўлни танлашган. Аммо, ушбу шахснинг ўз номидаги тадбиркорлик фаолиятини тугатиб, турмуш ўртоғининг ногиронлигидан фойдаланиб қолишга уринишини виждонли кишининг иши деб бўлмайди.
Шу боис, давлат солиқ хизмати ходимлари ушбу фуқаролар билан профилактик суҳбат ўтказиб, уларга хато ва камчиликлари тушунтирилган ҳолда фаолиятларини қонунийлаштириб қўйишни таъкидладилар.
Афсуски, айрим учар тадбиркорлар ҳукуматимиз томонидан ёшларнинг ижтимоий фаоллигини, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзларига ҳам кўз олайтирмоқдалар.
Эслатиб ўтамиз,  Солиқ кодексининг 375-моддасига мувофиқ, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган санадан эътиборан, қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилган.
Бироқ, юқорида таъкидлаганимиздек кўп ҳолларда ушбу енгиллик ва имкониятлардан ёшларимизнинг ўзлари қолиб, илгари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб юрган шахслар фаолиятини тўхтатган ҳолда ёки янгидан ўз бизнесини бошлаган айрим фуқаролар ана шундай ёшларнинг ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланиб, солиқдан қочишга уринишмоқда.
Масалан, 2017 йил охирида «Марказий» деҳқон бозорида фаолият юритиш учун тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган собиқ коллеж талабаси Зарина Нажмиддинова ҳозир Бухоро давлат Университетида таълим олмоқда.  Кўриниб турибдики, унинг тадбиркорлик қилишга вақти ҳам имконияти ҳам йўқ. Шунга қарамай, фуқаро Феруза Пўлатова унинг номига тадбиркорлик фаолиятини расмийлаштириб, 6 ойлик солиқ имтиёзидан  фойдаланган ҳолда тадбиркорлик  фаолиятини юритиб келган.
Эътиборлиси, давлат солиқ хизмати ходимлари томонидан Зарина Нажмиддинова  ва Феруза Пўлатова билан олиб борилган профилактик суҳбат ва тўғри тушунтиришлардан сўнг уларнинг фаолияти қонунийлаштирилди.
Жондор тумани Пўлоти қишлоғида яшовчи Ҳасан Солиев коллеж битирувчиси бўлган йили унинг ҳақ-ҳуқуқларидан ва солиқ имтиёзларидан фойдаланиб қолиш илинжида ҳамқишлоғи Раъно Бурхонова ундан ёрдам сўраб, унинг розилиги билан Марказий деҳқон бозорида савдо фаолиятини бошлаган.
Раъно Бурхонова давлат солиқ хизмати ходимларининг навбатдаги профилактик тадбирларида хатосини тан олиб, энди фаолиятини қонунийлаштирмаса бўлмаслигини англаб етди ва шу куннинг ўзида коллеж битирувчиси Ҳасан Солиев номига берилган тадбиркорлик гувоҳномасини ўз номига расмийлаштирди.
Энг ачинарлиси, наҳотки Ҳасан Солиевнинг яқинлари ушбу ҳолатдан бехабар бўлса. Ахир, мазкур тадбиркорлик субъектидаги ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар ва солиқ қонунчилиги бузилишлари учун Раъно Бурхонова эмас балки уларнинг фарзандлари жавобгар бўлишини наҳотки билишмаса.
Афсуски, биз шу куни Ҳасан Солиев билан учраша олмадик, учрашганимизда унга бундан кейин бировларга ўз ҳақ-ҳуқуқларидан фойдаланишга рухсат бермасликни маслаҳат берган бўлар эдик. Ҳолбуки, берилган имтиёз ва енгилликлардан унинг ўзи фойдаланганида аллақачон тажрибали тадбиркорга айланган бўлиши ҳам мумкин эди.
Биз ушбу фактларимиз билан кимнидир айбдор ёки ёмонотлиқ қилиб кўрсатишдан йироқмиз. Аммо, бировнинг ҳақига ҳурмат билан қарашни ҳам унутмаслигимиз лозим. Зеро, ислом динида ҳам амалдаги қонунчилигимизда ҳам бировнинг ҳақига кўз олайтириш ва унга турли йўллар билан эгалик қилиш таъқиқланган.1

2

3

 

5

6

7

Баҳодир Файзиев.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.