photo_2019-02-25_17-47-45
Fevral 27, 2019 0

Бухорода томорқага экин экиш ишлари кенг жамоатчилик иштирокида ташкил қилинмоқда

Posted by:Администратор onFevral 27, 2019

Айни пайтда мамлакатимизнинг барча жойларида бўлгани каби Бухорода ҳам томорқадан самарали фойдаланиш ва баҳорги экин экиш ишларини намунали бажариш юзасидан аниқ чора-тадбирлар асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур ишларни сифатли ва самарали бажарилишини таъминлаш мақсадида тузилган Ишчи гуруҳлари жойларда хонадонма-хонадон юриб, томорқаларни экишга тайёрлаш ва ундан самарали фойдаланиш аҳволини ўрганмоқдалар.
Куни-кеча вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда Когон тумани Халқ қабулхонаси раҳбарияти вилоятнинг 4-сектор ҳудудига кирувчи Когон тумани “Ҳукуматобод” қишлоқ фуқаролар йиғинида Ишчи гуруҳи билан учрашиб, мазкур ҳудуддаги деҳқон хўжаликлари ҳамда аҳоли томарқасида 2019 йил ҳосили учун тўқсонбости ва сабзавот экинларини экиш бўйича ҳолисона ўрганишларни олиб бориш ва зудлик билан ёрдамга муҳтож кишиларнинг рўйхатини шакллантириб экин-тикин ишларини бажариш юзасидан уларнинг олдига аниқ вазифалар қўйдилар.
Йиллар давомида фойдаланмай келинаётган ва уни қаровсиз қолдирганлик учун томарқалар учун фуқароларга қонунчиликда белгиланган тартибда солиқ солишнинг таъсирчан механизми қўлланилиши ҳақида тегишли огоҳлантиришлар бериш кераклиги таъкидланди.
Олинган маълумотларга кўра, “Ҳукуматобод” қишлоғида 550 дан ортиқ хонадон мавжуд бўлиб, уларнинг ихтиёрида камида 3-4 сотихдан томарқа ер майдонлари мавжуд. Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган ўрганишлар жараёнида мазкур ҳудуддаги аксарият аҳоли  томорқаларини экишга тайёрлаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Аммо, “гуруч курмаксиз бўлмаганидек” бу ердаги баъзи хонадон эгалари баҳорнинг ҳар-бир куни ғанимат эканлигини ҳис қилмаётганликлари ҳам бор гап.
Ишчи гуруҳи аъзоларининг дастлабки манзили мазкур қишлоқда яшовчи Азамат Муқимов хонадони бўлди. Бир қарашда ушбу хонадон эгаларининг ташкил қилган чорвачилигига ҳавасингиз келади. Уй шароитида парваришлаётган қорамолларию, қўй-қўзилари рўзғорига барака бераётгани ҳам рост. Аммо, ҳовлисининг ўртасидаги қарииб 10 сотихли томарқа ер майдонининг қаровсиз қолдирилгани ҳамда унинг баҳорги экин ишларига тайёрланмаганлиги ҳар қандай кишининг таъбини хира қилса керак. Ишчи гуруҳи аъзолари хонадон эгаларига мазкур томарқани шу куннинг ўзида экин экишга тайёрлаш зарурлигини айтиб ўтдилар ва акс ҳолда уларга нисбатан самарасиз фойдаланилган ер майдонлари учун 3 карра солиқ ҳисобланиши ҳақида огоҳлантирдилар.
Азамат Муқимовнинг ҳовлисига туташ бўлган мана бу ер майдони бир неча йиллардан буён фойдаланилмасдан ётганини англаш қийин эмас. “Ҳукуматобод” қишлоқ фуқаролар йиғини вакилининг айтишича, турар жой қуриш мақсадида ажратилган ушбу ер майдони фуқаро Сохиб Шукуровга тегишли экан. Афсуски, бундай ҳолатни ушбу ҳудудда яшовчи фуқаролар Алишер Ражабов ва Насриддин Шариповларга ажратилган ер участкарида ҳам кузатдик.
Таъкидлаш керак, Ишчи гуруҳи аъзолари, мазкур фуқароларнинг эҳтиёждан ташқари бўлган ушбу ер майдонларини ундан самарали фойдаланишни ҳоҳловчиларга олиб бериш мумкинлиги тўғрисида тўпланган маълумотларни маҳаллий ҳокимлик идорасига тақдим қиладилар.
Ишчи гуруҳи вакиллари шу куни мазкур қишлоқнинг 127-хонадонида яшовчи 81 ёшли Саттор ота Раҳматовнинг хонадонида ҳам бўлиб, унинг ҳолидан хабар олишди. Суҳбат чоғида отахоннинг ногиронлик аравачасига муҳтожлиги аён бўлди. Эътиборлиси, вилоят давлат солиқ бошқармаси ҳамда Когон тумани Халқ қабулхонаси раҳбарияти томонидан шу кунинг ўзида Саттор ота Раҳматовнинг талаби қондирилиб, унга ногиронлик аравачаси тақдим қилинди.
Мазкур қишлоқда олиб орилган ўрганишлар давомида ишчи гуруҳи аъзолари фуқаролар Миржон Ғаниев, Хусен Нарзуллев ва Кенжа Нуроваларнинг хонадонларида ҳам бўлиб, уларга фойдаланилмаётган томорқаларини экишга тайёрлаш ва бозорбоп экинлар экишни ташкил қилиш юзасидан тегишли тавсиялар бердилар.
Таъкидлаш лозим, юрбошимиз ташаббуси билан бу йил томорқага эрта баҳордан экин экиш ишлари янги тизимда, яъни кенг жамоатчилик иштирокида ташкил қилинмоқда. Албатта бундан кўзланган асосий мақсад – жойларда томорқадан унумли фойдаланган ҳолда дастурхонимиз тўкинлиги таъминлаш, фуқароларимизга қўшимча даромад манбаини яратишдир. Қувонарлиси, бу эзгу ҳаракатлар натижасида қишлоқ аҳолисининг бандлигига ва бозорлармиздаги маҳсулотлар арзончилигига эришилади.
Мазкур ҳудудда томарқасидан унумли фойдаланиб, рўзғори бутлигини таъминлаётган Эргаш Ражабовни қишлоқдошларига ўрнак қилиб кўрсатса арзийди. Эътиборлиси, Эргаш ака томарқасида иссиқхона ташкил этиб, удан самарали фойдаланиб келмоқда. Бу ерда у бир вақтнинг ўзида лимон ва помидор кўчатларини парваришлаб, юқори даромад олишга эришмоқда. Бундан ташқари, ушбу хонадон эгалари асаларичилик ортидан ҳам даромад олишни йўлга қўйишган.
Эслатиб ўтамиз, Бухорода томорқага экин экиш ишларини кенг жамоатчилик иштирокида ташкил қилишга қаратилган амалий ҳаракатлар давом эттирилмоқда.
photo_2019-02-25_17-45-21

photo_2019-02-25_17-46-01

photo_2019-02-25_17-46-32

photo_2019-02-25_17-47-45

photo_2019-02-25_17-49-18

photo_2019-02-25_17-49-23
Б.Файзиев.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.