images
Fevral 7, 2019 0

ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯ —МУАММОЛАРГА ЕЧИМ

Posted by:Администратор onFevral 7, 2019

 Вилоят прокуратураси органлари томонидан аҳолининг бандлигини таъминлашга қаратилган қонунлар ижроси юзасидан доимий назорат ўрнатилган бўлиб, бу борада янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолининг бандлигини таъминлаш, меҳнат қонунчилиги талабларига риоя қилиниши юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.

Бунда асосий эътибор, меҳнат органларига иш излаб мурожаат қилган ва меҳнат органлари томонидан йўлланма берилган фуқароларнинг ҳақиқатда ишга жойлашганлигига, янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли бандлиги тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигига, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тўлиқ ишга жойлаштиришга, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали жиноятчиликни олдини олишга қаратилиб, бу борада қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги қатъий ҳал қилиниб келинмоқда.

Вилоятда иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш манзилли Дастури ижроси юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа мутасадди идоралар  билан ҳамкорликда  олиб борилган ишлар ўз самарасини берди.

Таҳлилларга кўра, 2018 йилнинг 12 ойида 28592 нафар фуқаролар бандликка кўмаклашувчи марказларга иш сўраб мурожаат қилган. Шундан 15286 нафари мақбул иш ўринларига ишга жойлаштирилган.

2018 йилда “Ишсиз деб эътироф этиш комиссия”лари хулосалари асосида 1700 нафар фуқароларга ишсизлик мақоми берилган бўлиб, уларни мақбул иш билан таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.

Туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан  вилоят ҳудудидаги ишсиз фуқароларни меҳнат бозорида эҳтиёжи юқори бўлган касбларга  ўқитилиши йўлга қўйилиб, 2018 йилда 1602 нафар ишсизлар, шундан 1408 нафар аёллар турли касбларга ўқитиш учун юборилиб, кафолатланган иш ўринларига ишга жойлаштириш чоралари  кўрилган.

Қайд этилган даврда вилоят бўйича 128 маротаба бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ўтказилди.Меҳнат бозорларида 4264 та корхона ва ташкилотлар ўзларининг 33483 та бўш иш ўринлари билан қатнашган. Бу тадбирларга  жами 10147 нафар ишсиз фуқаролар жалб қилиниб, 3644 нафар фуқароларга доимий ишга жойлашишлари учун йўлланмаларга эга бўлишди. 6503 нафар фуқарога қонунчилик бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилган.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16-17 февраль кунлари Бухоро вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ва Пешку туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоят ҳокимининг 2018 йил 07 мартдаги 154-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, қарорга асосан 2018 йил давомида аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида вилоят бўйича жами 91806 та иш ўринлари ташкил этиш белгиланган. Дастур ижроси бўйича  жами 98300 та иш ўринлари яратилиб, белгиланган режа 107 фоизга бажарилган.

Булардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.05.2017 йилдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5052-сонли Фармони ижросини таъминланиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 05.10.2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари Жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги
799-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг 12.10.2017 йилдаги 617-сонли қарорлари  ижросини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Мазкур қарорга асосан 2018 йилнинг 1 январь кунидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида жамоат ишларини ташкил этиш ишлари олиб борилиб, 2018 йилнинг январь-декарь ойлари учун вилоятдаги 5463 та буюртмачи-иш берувчилар томонидан жами 17180 нафар фуқарога буюртмалар қабул қилинган. Ушбу жамоат ишларига иш ҳақи тўлаш учун Жамғарма ҳисобидан жами 13 млрд. 672 млн. 180 минг сўм пул маблағи ажратилган ва тўлиқ тўланиши таъминланган.

2018 йил давомида 12393 нафар иш билан банд бўлмаган ва ишсиз фуқаролар ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиниб, шундан 10158  нафари шаҳар, туман аҳоли пунктлари, маҳаллалар ва бошқа ҳудудларни ободонлаштириш ишларига, 368 нафари обеъктларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларига, 1729 нафари қишлоқ хўжалик ишларига, 58 нафари иккиламчи хом ашё ва чиқиндиларни тўплаш, қайта ишлаш ишларига ҳамда 80 нафари саноат тармоқлари ва хизматлар кўрсатиш соҳаси ташкилотларидаги ишларга юборилган.

Назорат тадбирларида аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида айрим ҳолларда қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланиб, уларни бартараф этишга қаратилган тегишли прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилди.

Жумладан, Когон шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган назорат тадбирларида Когон шаҳар Давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош врачи Р.Мадатова “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуни талабларини бузиб, Когон шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига 2018 йилнинг ноябрь ойи учун марказнинг бўш иш ўринлари ҳақида топширган ҳисоботида 1 ҳисса гигиена врачи,
1 ҳисса болалар ва ўсмирлар гигиена врачи, 0,5 ҳисса врач лаборант, 0,25 ҳисса врач эпидемиолог, 0,5 ҳисса врач бактериолог, 0,75 ҳисса эколог врач ёрдамчиси, 0,5 ҳисса хизматчи ва бошқа вазифаларнинг бўшлиги тўғрисидаги маълумотларни кўрсатмасдан, бўш иш ўринларини яшириб келганлиги сабабли унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилган.

Шу каби, Ромитан туман прокуратураси томонидан туман ветеринария бўлимида меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши аҳволи ўрганилганда баъзи бир қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланиб, аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан туман ветеринария бўлими бошлиғи номига тақдимнома киритилиб, прокурор тақдимномаси асосида бўлимнинг 2 нафар ходими интизомий жавобгарликка тортилган.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан 2018 йилдавомида мазкур йўналишда ўтказилган назорат тадбирлари натижасига кўра, ноқонуний буйруқларни бекор қилиб, қонунга мувофиқлаштириш ҳақида 101 та протест келтирилиб, 18 нафар мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка, 43 нафари интизомий жавобгарликка тортилиб, аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф қилиш тўғрисида 28 та тақдимнома киритилган.

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатига Мурожаатномасида айнан аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб: “Биринчидан аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш лозим.

….Халқимизнинг ҳаёт даражасини юксалтириш учун меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш тизимини шакллантириш ва аҳоли реал даромадларини оширишимиз зарур”, деб таъкидладилар. Бугунги кунда вилоятда   иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни ўз вақтида тўланишига оид қонун хужжатлари талабларига риоя этилишининг қонунийлиги юзасидан назорат тадбирлари амалга оширилмоқда.

Хусусан, биринчи даражали тўловларнинг ўз вақтида тўланишига оид қонун ҳужжатларининг талабларини бузилишига йўл қўймаслик хусусида вилоятдаги барча тижорат банклари ва уларнинг филиаллари, почта алоқа тармоқлари, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси тузилмалари ҳамда Давлат солиқ хизмати органларининг раҳбарлари расман огоҳлантирилган.

Шунингдек, корхона ва ташкилотларнинг иш ҳақидан қарздорлиги доимий равишда мониторинг қилиб борилиб, иш ҳақидан қарздорликни юзага келишини олдини олиш учун профилактик чора-тадбирлар кучайтирилиб, қарздорлик юзага келиш сабаби ва бунга имконият берган шарт-шароитлар чуқур таҳлил этилган ҳолда уни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар кўриб борилмоқда.

Амалга оширилган назорат тадбирлари жараёнида ушбу соҳада айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланган.

Жумладан, Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро И.Хамроевнинг Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонасидан 7 млн. 624 минг сўмлик, фуқаро С.Сатторовнинг “Нефтгазқурилиштаъмир” АЖ 1-сон қурилиш-монтаж бошқармаси унитар корхонаси томонидан 1 млн. 200 минг сўмлик иш ҳақлари ундириб берилиши таъминланган.

Шу каби, Шофиркон туман прокуратураси томонидан фуқаро Н.Сайфуллаевнинг “Моҳитабон обод қурилиш” МЧЖдан 3 млн. сўмлик ва фуқаро С.Аминовнинг “Шофиркон деҳқон бозори” МЧЖдан 4 млн. 752 минг сўмлик иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланган.

Ёки, Олот туман прокуратураси томонидан фуқаро Ҳ.Оташевнинг “Омад Диёрбек нур барака” хусусий корхонасидан 7 млн. 470 минг сўмлик, фуқаро Б.Ҳамроевнинг Олот Давлат ўрмон хўжалигидан 396 минг 801 сўмлик иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланган.

Бундан ташқари, вилоят прокуратураси маҳкамаси томонидан 2018  йилда фуқароларнинг иш ҳақларини ундириб беришда амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги
66 нафардан ортиқ мурожаатлари атрофлича ўрганилиб, улар ижобий ҳал қилиниб,
134 млн. 199 минг сўмлик иш ҳақлари ундириб берилиши таъминланган.

Хусусан, Бухоро шаҳар Т.Фароғий кўчаси 3-уй 28-хонада яшовчи фуқаро М.Цукановнинг Бухоро муҳандислик-технологиялари институтидан иш ҳақларини ундириб беришда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Ўзбекистон Республикаси Президентига “Ишонч телефони” орқали қилган мурожаати кўриб чиқилиб, вилоят прокуратураси аралашуви билан унга 1 млн. 722 минг сўм миқдоридаги иш ҳақлари тўлиқ берилиши таъминланиб,  фуқаронинг ҳақли талаби қаноатлантирилди.

Вилоят прокуратураси томонидан мазкур соҳаларда назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.

Дилшод Зарипов,

вилоят прокуратураси

бўлим прокурори                                                                                                 

 

 

 

 

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.