DSCF7877
Fevral 4, 2019 0

Ноқонуний фаолият таъқиқланади

Posted by:Администратор onFevral 4, 2019

Бугун мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу, ўз навбатида, тадбиркорлик субъектларининг эмин-эркин фаолият юритишига, соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни рағбатлантиришна замин яратмоқда. Албатта, ушбу саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад иқтисодиётимизни янада тараққий эттириш, унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик улушини кўпайтиришдан иборат.

Бироқ яратилаётган қулай шароит ва имкониятларга қарамай давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни, белгиланган солиқларни тўлашдан бўйин товлашни, олинаётган даромад ва фойда кўрсаткичларини яширишни касб этганлар ҳамон учрамоқда. Самарқанд вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олиш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда. Тадбиркорларга расмий огоҳлантиришлар берилмоқда, улар билан профилактик суҳбатлар ўтказилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида жами 255 та хронометраж тадбири ўтказилди. Бунинг натижасида тадбиркорлик субъектлари томонидан норасмий равишда 143 нафар ишчи ёллангани аниқланди.

Январь ойи мобайнида вилоят бўйича хуфиёна иқтисодиётнинг олдини олишга қаратилган 147 та назорат тадбири ташкил этилди. Мазкур тадбирларда ҳужжатсиз озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат, алкоголь, тамаки маҳсулотлари, заргарлик буюмлари, диск билан савдо қилиш, яширин цех фаолиятини йўлга қўйиш ҳолатлари аниқланди.

Бугунги кунда давлат рўйхатидан ўтиб, фаолият юритаётган тадбиркорлар 25427 нафарни ташкил этмоқда. Жорий йилнинг январь ойида амалга оширилган профилактик суҳбатлар натижасида 758 нафар якка тартибдаги тадбиркор фаолият бошлади. Шунингдек, 1283 нафар тадбиркор фаолиятини қайта тиклаганини таъкидлаш мумкин. Январь ойида тадбиркорлар томонидан 159 нафар ёрдамчи ходим рўйхатдан ўтказилди. Вилоят бўйича 414 нафар тадбиркор транспортда юк ташиш хизматларини кўрсатиб келмоқда. Ушбу йўналишда олиб борилган профилактик чора-тадбирлар натижасида шу йилнинг ўтган даврида 42 нафар тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказилди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган назорат тадбирлари давомида фақат чўнтагини ўйлаган “тадбиркорлар” фаолиятига чек қўйилмоқда. Фуқаро И.Ҳ Самарқанд шаҳри, Алишер Навоий кўчаси, 54-уйда жойлашган дўконда ноқонуний равишда болалар ўйинчоқлари савдоси билан шуғулланишни бошлагану, фаолиятини қонунийлаштиришни “унутиб” қўйган. Тадбир давомида дўконда мавжуд бўлган жами қиймати 60 миллион 612 минг сўмлик болалар ўйинчоқлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Самарқанд шаҳри, Сартепа масканида жойлашган дўконда DVD ва CD дисклар савдоси билан ноқонуний шуғулланиб, даромад олишни устун қўйган “тадбиркор” Ж.Х фаолияти учун тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш лозимлиги гўё ёдидан кўтарилган.Ўтказилган назорат тадбирида Ж.Х томонидан юритилган ноқонуний фаолиятнинг миси чиқди. Тадбир давомида дўкондаги мавжуд бўлган умумий қиймати 18 миллион 732 минг сўмлик 3122 дона DVD ва CD диск далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Тайлоқ туманида туғилган фуқаро Г.Т.  “Ургут савдо комплекс”ида 26 миллион 362 минг 400 сўмлик, Самарқанд шаҳар, Рўдакий кўчасида яшовчи фуқаро  М.А. 21 миллион 754 минг 100 сўмлик ҳар хил турдаги заргарлик буюмлари савдоси билан шуғулланаётгани аниқланган.

Самарқанд шаҳар, У.Жўрақулов кўчаси, 166-уйда доимий яшаш манзилида фуқаро Ф.Ф. давлат рўйхатидан ўтмасдан “Akfa” ишлаб чиқариш цех фаолияти билан шуғулланиб келган. Савдода мавжуд бўлган 5 турдаги 29 миллион 522 минг сўмлик асбоб-ускуналари далилий ашё сифатида савдодан олиб қўйилди.Худди шу манзилда, “Akfa” ишлаб чиқариш цех фаолияти билан шуғулланиб келган фуқаро З.Ю.нинг савдода мавжуд бўлган 8 турдаги 10 миллион 991 минг сўмлик, фуқаро И.Х. нинг 8 турдаги 14 миллион 780 минг сўмлик асбоб-ускуналари далилий ашё сифатида савдодан олиб қўйилди.

Самарқанд шаҳар, Ойдин кўчасида “учар тадбиркор” С.Х. ҳеч қандай ҳужжатларсиз бильярд ўйинлари фаолияти билан шуғулланиб келган. У фаолият юритаётган бинодан 3 турдаги умумий қиймати 131 миллион 500 минг сўмлик буюмлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди. Самарқанд шаҳар, Мулён-2 маҳалласида фуқаро Қ.З. ҳам бильярд ўйинлари ташкил қилиб, мўмайгина даромадни кўзлаганлардан чиқиб қолди. Давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан унинг фаолиятига чек қўйилиб, 15 турдаги 109 миллион 994 минг сўмлик маҳсулотлари далилий ашё сифатида олиб қўйилди.

Мухтасар айтганда, хуфиёна иқтисодиёт барқарор тараққиёт суръатларига эришишга тўсқинлик қилади. Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида ушбу муаммога алоҳида тўхталиб, “Афсуски, ялпи ички маҳсулотда “яширин” иқтисодиётнинг улуши катта бўлиб, бу мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Солиқ юкини камайтириш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш “яширин” иқтисодиётга барҳам беришнинг ягона йўлидир. Шунинг учун бу борада таъсирчан чораларни назарда тутадиган алоҳида дастур ишлаб чиқишимиз зарур”, дея таъкидлади.

Дилшод НУРМУХАМЕДОВ,

вилоят давлат солиқ бошқармаси

бошлиғининг ўринбосари

 

 

 

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.