38454920_126232094972614_395119033973735424_n
Yanvar 7, 2019 0

Солиқ ислоҳотлари – адолатли, ҳаммага бирдек маъқул келадиган ставкалар жорий этиш, тадбиркорликка солиқ юкини камайтириш ва бизнес учун тенг шароитларни яратишга қаратилган

Posted by:Администратор onYanvar 7, 2019

Солиқ тизмидаги янгиликлар, ўзгаришларни бугун халқимиз жуда катта қизиқиш билан кузатмоқда. Соҳада олиб борилаётган ислоҳотларга ўзларининг муносабатларини билдиришмоқда. Негаки, солиқ тизимида ўзгаришларни амалга оширмай туриб эртанги кунимизни тасаввур қилиб бўлмайди.

Якунига етган 2018 йилда солиқ тўловчилар учун бевосита дахлдор бўлган кўплаб муҳим ўзгаришлар рўй берди. Солиқ тартиблари ўртасидаги номутаносибликни бартараф этиш, адолатли, ҳаммага бирдек маъқул келадиган ставкалар жорий этиш, тадбиркорликка солиқ юкини камайтириш ва бизнес учун тенг шароитларни яратишга қаратилган Солиқ Концепцияси қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ,  Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 декабрдаги “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни, Президентимизнинг 2018 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида”ги қарори билан янги йил солиқ тўловларида жиддий ўзгаришлар рўй берди.

Бундан кўзланган мақсад, аввало, аҳоли учун муносиб даромад ва турмуш шароитини таъминлаш ҳамда қулай бизнес муҳитини яратишдир.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 2019 йилда 12 фоиз миқдорида белгиланди. Демак, ўтган йилдагига нисбатан 2 фоизга камайтирилди. Тижорат банклари учун ҳам ушбу солиқ 22дан 20 фоизга туширилди. Солиқ юкининг бундай пасайишини дивидендлардан олинадиган фойда солиғида ҳам кўриш мумкин. У 10 фоиздан 5 фоизга туширилди.Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон жаҳондаги энг паст солиқ ставкага эга бўлган давлатлардан бирига айланди. Бу билан тадбиркорлар бўш турган маблағларини омонатларга қўйиш имкониятлари ортди.

Яна бир муҳим жиҳат. Давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг товар айланмасидан олинадиган 3,2 фоизли мажбурий ажратмалар бекор қилинди. Бу рақамларда ифодаланса, тадбиркорлар учун нақадар кенг имкониятлар яратилгани намоён бўлади.

Якунланган 2018 йилда вилоятимизда фаолият юритган юридик шахслар  давлат мақсадли жамғармаларига 186 миллиард 557 миллион сўм маблағ ажратишган. 2019 йилдан унинг бекор бўлиши натижасида вилоятдаги хўжалик юритувчи субъектлар ихтиёрида ана шунча маблағ қолади.

Албатта,  тежаб қолинган маблағлар тадбиркорлик субъектларнинг фаолиятини янада кенгайтиришга, инновацияларни татбиқ этиб, ишлаб чиқариш корхоналарини модернизация қилишга ҳамда экспорт салоҳиятини ривожлантиришга кенг йўл очиб беради.

Солиқ турларининг кўплиги ҳам тадбиркорларимизга ноқулайлик туғдираётгани бор гап эди. Шунга мувофиқ, солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида уларни унификация қилишга эътибор қаратилди.

Авваллари цемент (клинкер), полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарувчилар, мобиль алоқа хизматларини кўрсатувчи корхоналар қўшимча фойда солиғи ҳамда белгиланган рентабеллик даражасидан ортган фойдадан ҳам солиқ тўлашарди. Энди улар бекор қилиниб, мазкур корхоналар учун фойда солиғи 20 фоиз қилиб белгиланди.

Шу билан бирга, бензин, дизел ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ ҳам бекор қилинди.  2019 йил 1 январдан бошлаб,  улар акциз солиғи тўлайдиган бўлишди.

Яна бир янгилик. Барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, обороти 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ жорий этилди.

Таъкидлаш керак солиқ концепцияси билан йирик ва кичик корхоналар ўртасидаги номутаносиблик бартараф этилди. Соғлом рақобат муҳитини яратиш учун  аввалгидек, ишчилар сони эмас, балки йиллик айланмалар миқдори асос қилиб олинадиган бўлди.

Ўтган йил якунларига кўра, йиллик товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар умумбелгиланган солиқларни  тўлашга ўтказилди. Ушбу тартибга ўтган корхоналар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланади. Айнан ушбу солиқ тури шу пайтгача, соддалаштирилган тартибда юритиб келган тадбиркорларда бир қатор саволларни келтириб чиқармоқда. Аслида, қўшилган қиймат солиғи тадбиркорлик субъектларининг бир-бири билан узвий ҳамкорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Кези келганда айтиш керакки, айни пайтда солиқ тўловчиларга солиқ қонунчилиги янгиликларини етказиш ва уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш мақсадида жойларда турли хил учрашувлар, семинар-тренинглар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Ана шундай учрашувларда кўплаб тадбиркорларда  “биз қанча кам солиқ тўласак, даромадимиз шунча кўпаяди, деган нотўғри фикр шаклланиб қолганини англаяпмиз. Шунинг учун улар корхонасини йириклаштириш ўрнига, микробизнес шаклида фаолият юритишни  маъқул кўришган. Эътиборлиси, солиқ тизимига жорий этилган янги тартиб тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши, хусусан умумбелгиланган солиқ тўлаш тизими ҳақида кенг тушунчага эга бўлишгач, улар товар айланмаси ҳажми қанчалик ортгани сайин, имкониятлари ҳам кўпайиб боришига амин бўлмоқдалар.

Энди шу пайтгача аксарият иқтисодий субъектлар учун бегона, долзарб мавзу бўлиб қолаётган ҚҚС ҳақида қисқача маълумот берсак.

Яширмаймиз, айни пайтда айрим тадбиркорларнинг янги тизимга ўтиш корхона ва ташкилотларнинг харажатлари ортишига олиб келади, натижада нарх-наво ҳам кўтарилади, деган ҳавотирлари қулоққа чалинаяпти.

Юқорида таъкидлаганимиздек, биз жойларда тадбиркорлар билан учрашувларда умумбелгиланган солиқ тизими ҳақида батафсил маълумот беришга ҳаракат қиляпмиз. Жумладан, ҚҚС тўловчиси бўлган ҳамкорлар учун ушбу тизимнинг қулайлиги кенг тушунтирилмоқда, Ақниқроғи, корхона маҳсулот сотиб олаётганда 20 фоизли ҚҚСни чегириб ташлаш имкониятига эга бўларкан. Натижада, нарх ҳам ошмайди ва уларниг фойдаси ҳам камайиб қолмайди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш мумкин Товар айланмаси 1 млрд.сўмдан ортиқ бўлган ҳамда янгитдан қўшилган қиймат солиғи тўлов сифатида рўйхатдан ўтиши лозим субъектларнинг (960 та юридик шахс ва 239 та ЯТТ) барчасига “Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси тўғрисида”ги гувоҳномалар етказилди.

Ушбу субъектларда мавжуд назорат касса машиналари инвентаризация қилиниб, шундан 439 та субъектда эски (ofline)тартибида ишловчи НКМлар (4 таси янги on-line режимда) эканлиги, шунингдек ҳозирги кундаги амалда бўлган барча НКМларда қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳамда товарлар турма-тур алоҳида кўрсатилмаётганлиги маълум бўлди.

Қайд этилган ҳолатдан келиб чиқиб, вилоятда мавжуд назорат касса машиналарига техник хизмат кўрсатувчи 10 та хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари билан  учрашув ўтказилиб, ушбу НКМларни модеринизациялаш ишларини бошладик.

Янги солиқ режимига ўтаётган субъектларнинг ҳисобчилар инвентаризация қилинганда 960 та юридик шахснинг 377 тасида ҳисобчилар мавжуд бўлса, 583 тасида малакали ҳисобчилар мавжуд эмаслиги маълум.

Қайд этилган ҳолатдан келиб чиқиб, ҳар бир субъектда ўтказилаётган 2 соатлик учрашувлар кам эканлиги ва етарли эамалигини инобатга олиб, давлат солиқ хизмати органларини қулай шароит яратиш мақсадида, дастлаб Бухоро шаҳар ва Ғиждувон туман ДСИ биноларида алоҳида хоналар ташкил этилиб, унда давлат солиқ бошқармаси ва “Солиқ сервис” ДУКнинг малакали ходимлари томонидан ҳисоботларни юбориш, счёт фактурларни тўлдиришдаги муаммоларни ҳал этиш мақсадида бепул интернет тармоғи (wi fi) ўтказилиши таъминланди. Бу ерда бухгалтерлар ўзлари ҳам мазкур компьютер хизматларидан фойдаланишлари, ўрганишлари мумкин бўлади. Мазкур тадбирлар қолган ҳудудларда ҳам ўтказилиши режалаштириб олинди.

ДСҚ ҳузуридаги Малака ошириш маркази мутахассислари томонидан бухгалтерларни малакасини ошириш мақсадида бепул ўқув машғулотларини ўтказиш режаси тузилди. Ушбу режага мувофиқ Бухоро ва Когон шаҳридаги, Когон, Бухоро туманидаги жами 202 таҳисобчи кунига 3 соатдан 5 кун мобайнида бепул ўқитилди.

2019 йил 1 январдан бошлаб ресурс солиқлари жорий қилинганлигидан келиб чиқиб, 3430 табалансида ер майдони ва кўчмас мулки мавжуд бўлган юридик шахсларни кадастр ва сув идораларига ходимларига бириктирилиб, улар томонидан мол-мулк қиймати ва ер майдонларини ҳамда тижорат мақсадида фойдаланилаётган ер усти ва ер ости сув миқдорларини аниқлаш ҳамда янгиликларни етказиш юклатилиб, назоратга олинди.

Вилоятдаги 1555 нафар (қурилиш метериллари сотувчи, алюминий профилдан эшик, дераза ва бошқа буюм тайёрловчилар, автомойка ва.ҳ.к) юридик шахс мақомига ўтувчи якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳар бирига хабарномалар юборилиши таъминланди.

Жумладан, бевосита Бухоро шаҳридаги Қ.Муртазоев кўчасида(собиқ Доз-5 бозори)ги 19 нафар тадбиркорлар билан учрашув ўтказилиб, бошқарманинг мутахасислари томонидан кўргазмали тарзида тушунтириш берилди.

2019 йил 1 январдан бошлаб 100 млн.сўм ва ундан ортиқтовар айланмасини амалга оширган ЯТТлар кейинги ойдан бошлаб, ягона солиқ тўлови жорий қилингандан келиб чиқиб, ҳисоб рақам очмаган 1811 тадбиркорларга тижорат банклари билан биргаликда ҳисоб рақам очиш бўйича иш олиб бориш топширилди.

Шунингдек, товар айланмаси 100 млн.сўмдан 1 млрд.сўмгача бўлган ЯТТлар 2084  тани ташкил этиб улар билан бевосита иш олиб борилмоқда.

Яна бир гап. ҚҚСнинг соддалаштирилган тартиби ҳам бор. Яъни, товар айланмаси 3 миллиард сўмдан ошмайдиган юридик шахслар учун қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқаришнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. Унинг муддати 2021 йил 1 январгача.

Унга кўра, 6 йўналишдаги тадбиркорлик субъектлари учун алоҳида ставкалар белгиланди.

 

Тўловчилар Солиқ ставкаси, фоизда
1 Иқтисодиётнинг барча тармоқлари юридик шахслари, 2-6-бандларда назарда тутилганларидан ташқари  

7

2 Қурилиш корхоналари 8
3 Чакана, улгуржи, шунингдек улгуржи-чакана савдо билан шуғулланувчи савдо корхоналари  

6

4 Умумий овқатланиш корхоналари,

меҳмонхона хизмати

10
5 Профессионал хизматлар (аудиторлик хизматлари, солиқ маслаҳати хизматлари, консалтинг хизматлари, брокерлик хизматлари ва бошқалар) кўрсатувчи юридик шахслар  

15

6 Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари реализациясини амалга оширувчи юридик шахслар, бундан ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотлар мустасно  

4

 

Жорий йилдан ягона солиқ тўлови ҳам сақланиб қолди. Лекин, уларнинг тўловчилар тоифасига ўзгартиришлар киритилди. Хусусан:

а) солиқ даврида олинган ялпи тушуми 1 миллиард сўмдан ошмаган юридик шахслар;

б) оддий ширкат ишларини юритиш зиммасига юклатилган (ишончли шахс) шерик (иштирокчи) – солиқ даврида оддий ширкат фаолиятидан олинган ялпи тушуми 1 миллиард сўмдан ошмаган якка тартибдаги тадбиркор;

в) солиқ даврида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми белгиланган миқдордан ошган, лекин 1 миллиард сўмгача бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар;

г) солиқ даврида товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган тушуми 1 миллиард сўмдан ошмаган:

– мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга оширувчи;

– электрон тижорат субъектларининг миллий реестрига киритилган якка тартибдаги тадбиркорлар;

д) солиқ даврида олинган ялпи тушуми 1 миллиард сўмдан ошмаган оилавий корхоналар;

е) нотижорат ташкилотлар даромадларининг солиқ даврида тадбиркорлик фаолиятидан олинган қисми бўйича, солиқ даврида тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлари 1 миллард сўмдан ошмаслиги шарти билан.

Лекин, 2019 йил 1 январдан бошлаб – барча тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан ялпи тушуми 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўланиши жорий қилинди. Бунда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 5 ўрнига 2 фоизга туширилганлигини ҳам айтиб ўтишим керак.

Эслатиб ўтиш зарур, жорий йилдан якка тартибдаги тадбиркорларни солиққа тортишда бир қатор ўзгаришлар бўлди. Хусусан, 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ тўлови ставкаси аввалгидек энг кам иш ҳақининг каррали миқдорида эмас, аниқ сўмларда белгиланган.

Лекин, Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ товар айланмаси ҳажми 100 миллионн сўмдан ошган якка тартибдаги тадбиркорлар ягона солиқ тўловчилари бўлиб ҳисобланадилар. Агарда йиллик айланма ҳажми 1 миллиард сўмдан ошса, улар ҳам умумбелгиланган тартибдаги солиқлар тўловчисига айланишади.

Хулоса қилиб айтганда, амалиётга жорий қилинган солиқ ислоҳотлари мамлакатимизда ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, янги иш ўринларини яратиш, солиқ базасини кенгайтириш ва шу орқали фуқароларимизнинг турмушини янада яхшилашга хизмат қилади.

Шерзод Ашуров,

Бухоро вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.