bukhoroda_odatiy_tadbirlar_amaliy_natizhalar_bermo_da_yekhud
Dekabr 5, 2018 0

Бухорода одатий тадбирлар амалий натижалар бермоқда ёхуд битта тадбир давомида 130 нафарга яқин ёш иш билан таъминланди

Posted by:Администратор onDekabr 5, 2018

Бухорода “Конституция ҳафталиги” лойиҳаси доирасида тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Шундай тадбирларнинг бирида кўплаб йигит-қизлар ишлаб чиқариш субъектларига ташриф буюриб, улар фаолияти билан танишди. Эътиборлиси, улар бўш иш ўринларига таклиф этилди. 

– Тўқимачилик мутахассислигига эга бўлган ёшлар орасидан сараланган йигирма нафар йигит ва қиз қаторида мен ҳам Бухоро шаҳридаги “Ал Ҳаким плюс” енгил саноат корхонасида бўлдим, – дейди Умида Назарова. – Суҳбат асосида касбий билимимиз, малакамиз синаб кўрилди. Мен ва тўққиз ҳамроҳим шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази йўлланмаси асосида ишга қабул қилинадиган бўлдик.
Таъкидлаш керак, шу куни вилоят бўйича 130 нафарга яқин ёшларнинг бандлигини таъминланди.
Ишбилармонликка қизиқиш билдирган ёшлар учун “Муваффақиятга эришиш сирлари” лойиҳаси ўтказилди. Тажрибали тадбиркорлар уларга бизнесни тўғри ташкил этиш, иш фаолиятини ривожлантириш бўйича маҳорат дарслари ўтказди.
Фестиваль дастуридан ўрин олган “Ёшлар билан очиқ мулоқот” лойиҳасига мувофиқ вилоятнинг барча ҳудудларида “Ҳоким ва ёшлар” учрашувлари ўтказилди. Вобкент тумани ҳокими А.Жаводовнинг умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллеж ўқувчилари, уюшмаган ёшлар вакиллари билан мулоқотида ҳам ошкора ва эркин фикр муҳити устувор бўлди. Тадбирда иштирокчилар ечимини кутаётган муаммоларни ўртага ташлади.
– Мактабимизда спортнинг бадиий гимнастика турига қизиқувчи ёшлар кўп, – деди 28-умумтаълим мактаби ўқувчиси Назирабону Камолова. – Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам узоқда, туман марказида жойлашган махсус машғулотлар залига бора олмайди. Шунинг учун мактабимиз спорт залини бадиий гимнастика жиҳозлари билан таъминлашни зарур, деб ҳисоблаймиз. Ҳудуднинг сектор раҳбари мазкур масалани яқин ойларда ҳал этиш чораларини кўришни ўз зиммасига олганидан мамнунмиз.
Фестивалнинг “Ўзбекистон Қуролли Кучлари – матонатли ёшларнинг ҳаёт мактаби” лойиҳаси энг оммавий тадбирлардан бирига айланди. Жойларда навқирон авлод вакилларининг ҳарбий қисмлар аскарлари билан учрашувлари бўлиб ўтди. Уларда Ватан олдидаги конституцион бурчини ўтаётган йигитлар ўз вазифасини адо этиш учун яратиб берилаётган шароитлар ҳақида сўзлаб берди. Айни пайтда аскарлар ёшлар олдида кўргазмали чиқишларини намойиш этди. Когон туманида ҳарбий қисм хизматчиларининг оила аъзолари билан мулоқот ўтказилиб, уларга бадиий китоблар совға қилинди.
Ўғил-қизлар ўртасида санъатга меҳр қўйган ёшлар кўп. Мамлакатимизда улар орасидан истеъдодлиларни кашф этиш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда. “Камалак юлдузлари” лойиҳаси ҳам улар рўйхатидан ўрин олган. Шофиркон туманида ўтказилган мазкур ижодиёт фестивали 6-14 ёшдаги 400 дан зиёд болаларни қамраб олди. Улар орасидан санъатнинг турли йўналишлари бўйича ўз маҳорати билан ажралиб турган 18 нафар ўғил- қиз ғолибликка муносиб топилди.
Шунингдек, фестиваль доирасида ёшлар ижтимоий фаоллиги ва дахлдорлигини оширишга хизмат қиладиган яна кўплаб лойиҳа тадбирлари ўтказилди. Уларда жами 17 минг 700 дан зиёд навқирон авлод вакиллари иштирок этди.
Фестивалнинг якунловчи босқичи вилоят Ёшлар марказида бўлиб ўтди. Унда ҳудудларда ўтказилган лойиҳаларнинг фаол иштирокчилари турли номинациялар бўйича тақдирланди. Тадбир санъаткорлар иштирокидаги гала-концерт билан ниҳоясига етди.
Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.