a071b3836c825a287b79b282aeeee55e
Dekabr 3, 2018 0

БАХТ ҚАЙТГАН ҚЎРҒОН

Posted by:Администратор onDekabr 3, 2018

Марказимизга мурожаат қилиб онаси билан бирга келган келинчак бир сўз демасди. Онаси эса тинмай қудаларини айблар, куёвини бўш-баёв деб камситар, қизининг келинлик сепига қилган нарсалари-ю, тўй харажатларини элликка-эллик кўтарганигача  тўкиб солди. Онасига аҳён-аҳёнда қараб қўйиб, ийманиб турган Муфарраҳ(исмлар шартли)ни, гапга солдим.

—Қайнона-қайнотангиздан алоҳида яшасангиз, рўзғорингиз тинчиб кетади деб ўйлаяпсизми?

—Ҳи..и,—деди  эшитилар эшитилмас келинчак.

—Нимага  зўрға гапирасан?! Албатта тинчиб кетади. Ўзим ёрдам бераман, акаси қарашади,— она яна навбат бергиси йўқ эди қизига…

Тошгул опани тинглаб,  у кишини бироз тинчлантирдик. Муфарраҳ билан марказимиз психологи бироз ишласа, албатта қизи  ўзгаришига ишонтирдик.

3 марта индивидуал тартибда  олиб борилган машғулотлардан сўнг ҳақиқатдан Муфарраҳ ўзгарди. У оиласига қайтиш истаги борлигини, аммо бунга онаси Тошгул опа қарши эканлиги туфайли бундай қила олмаслигини тан олди. Бу орада Муфарраҳнинг турмуш ўртоғи Шуҳрат, қайнонаси ва қайнотаси билан ҳам учрашиб суҳбатлашдик.

—Чумучуқнинг ҳам ини бузилмасин, — дейди қайнона Зубайда опа. —Ким  фарзандининг оиласи пароканда бўлишини хохлайди. Ўзим ҳам  неварамни соғиндим. Ҳовли ҳувиллаб қолди.

—Опажон, меҳрингиз чексизлиги шундоққина кўриниб турибди. Келинингиз Муфарраҳ беҳудага сизни бунча яхши кўрмас эканда,— дейман қайнонанинг кўнглига қараб. Аслида келин қайнонаси ҳақида илиқ фикрлар айтмаган бўлсада, Яхшилик йўлида ёлғондан фойдаланиб.

—Тўғри айтасиз, келинимда ҳеч айб йўқ. Ҳамма айб ўзимда,— кўзига ёш олади муштипар она. Ўтирса ўпоқ, турса сўпоқ дейвердим. Манави қизларим униси келиб у деди, буниси  келиб бу деди… Қани эди  болани кўтариб кириб келса…

—Ана энди, кўзинг очилди, — гапимизга аралашади кўпни кўрган қайнота .

Олдиндан тайёрлаб қўйганимиздек, маҳалла мутахассиси  Муфарраҳни бошлаб кириб келди. Қизини ёлғиз юборишни истамаган Тошгул опа ҳам қудаларининг бу тақлид кутиб олишини кутмаган экан шекилли, хижолат бўлди. Бир зумда  муқаддас қўрғон осмонидаги қора булут тарқалиб қуёш чарақлаб  нур сочгандек бўлди.

Бозор-ўчар қилиб келган кўнгли чоғ ўғлини кўриб она  янада яйраб кетди.

—Кўрдингми,  танлаган келиним ақлли у қайтиб келади , деб айтганим бўлдими,—ўғлига мақтанди гўё Зубайда хола.

Бир оилага бахт қайтди.

Бу жараён ёзганда узоқ вақт  талаб қилмас, нари борса  бир  қоғоз бўладиган ёзувдир. Аммо ажрим ёқасига келиб қолган ҳар бир оила билан ишлаш, уларнинг оиласини сақлаб қолиш жуда катта машаққат, ҳамкорликдаги фаолият, сабр-қаноат ва  тажриба пойдевори асосида бўладиган давомли иш.

Яқинда вилоят прокурори Б.Валиев ташббуси билан прокуратура, “Оила” ИАТ маркази вилоят бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ,  хотин-қизлар қўмитаси, ҳамкорликда  Бухоро шаҳар ҳудудида 255 та ажралиш ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш ишлари олиб борилди.

Жамиятимизнинг асоси бўлмиш оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оилаларни, айниқса ёш оилаларни ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлашни кучайтириш ушбу мақсадларга эришишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

«Оила соғлом экан — жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан — мамлакат барқарор» деган инсонпарвар тамойилдан келиб чиққан ҳолда оилаларга эътибор ва ғамхўрликни кучайтириш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни тақозо қилмоқда.

Ўзбекистсон Республикаси Президентининг 2018 йил                        2 февралдаги ПФ-5325-сонли “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила иниститутини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари”ги Фармони мазмун –моҳиятида айнан оилаларни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши бежизга эмас.Мазкур  фармон билан жамиятимизда оила ва хотин-қизлар муносабатлари қамраб олган тўлақонли норматив ҳужжат сифатида бугунги кунда шу соҳага мутассадиларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Фармон ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг 2018 йил 7 февраль куни 73-сонли қарори қабул қилиниган. Фармонга асосан чиқарилган дастурнинг 47-банди ижроси юзасидан туман ва шаҳарларда хотин-қизлар қўмиталари ҳамда “Оила” маркази ва унинг ҳудудий бўлинмаларга бугунги кунга мос равишда юқори касбий даражага эга бўлган малакали ва ташаббускор кадрлар танланиб номзодлар билан суҳбатлар ўтказилиб лавозимларига тавсия этилганлар.  Мақсад аниқ: оиланинг муқаддас эканлигини ҳис этиш, миллат генофондини асраб қолишда оила муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳар бир фуқаро чуқур англаши шарт.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятда фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари орқали 176 нафар, фуқаролик ишлари бўйича суд ажримлари асосида 1134 нафар эр-хотинлар ажралишган.

Шунингдек, биргина фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судининг иш юритувида вилоят марказида яшовчи 255 нафар, ФҲДЁ органларида 20 нафар эр-хотинларнинг  ажралиш бўйича аризалари кўрилиб, уларга ярашишлари учун белгиланган тартибда муҳлатлар берилган.

Ушбу оилаларнинг ажралиб кетиш сабаблари тегишли соҳа мутахассислари томонидан ўрганилганда, эр ёки хотиннинг арзимас жанжаллари ёки қайоналарнинг ўз гапини ўтказиш ёки уйда мени гапим гап тамойилидаги принципиал қарашлари натижасида келиб чиқаётганлиги хулоса қилинди.

Ажрашиш ёқасига келиб қолган ушбу оилларни сақлаб қолиш уларни арзимаган сабаблар деб ажрашиб кетишларини олдини-олиш мақсадида 2018 йил 18 октябрь куни вилоят прокурори ҳузурида вилоят прокурорининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, “Оила” илмий амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси бошлиғи, вилоят “Маҳалла” жамоат фонди раиси, вилоят Бандлик Бош бошқармаси бошлиғи, шаҳар хотин қизлар қўмитаси раиси иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда энг аввало, фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судидан Бухоро шаҳрида яшоаётган никоҳни бекор қилиш учун мурожаат қилган оилларнинг рўйхатларини, фуқарлик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларидан ҳам ажралиш учун ариза берган оилаларнинг рўйхатлари шакллантиришга келишилиб, ушбу оилаларнинг ҳар-бири билан алоҳида-алоҳида  суҳбатлар ўтказиш учун прокуратура ходимлари раҳбарлигида ишчи гуруҳлари тузишга келиб олинди.

Ишчи гуруҳларнинг мазкур оиллар билан суҳбат ўтказиш жараёнида бандлик хизмати ходимларига мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги, вилоят мактабгача таълим бошқармаси ходими эса шаҳар ҳудудидаги мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчиларнинг бўш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар билан қатнашишдари каби вазифалар юклатилди.

Шундан сўнг, Вилоят прокурорининг 2018 йил 20 октябрь кунидаги фармойиши билан Бухоро шаҳридаги 65 та маҳалла фуқаролар йиғинига вилоят прокуратурасининг 65 нафар ходими раҳбарлигида шаҳар ИИБ, хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” маркази мутахассислари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, имом хатиблар, бандлик бўлими ходимлари ва маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи намунали оилалар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилди.

Мазкур вазифаларни амалга оширишга шаҳардаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари, шаҳар ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарлик профилактикаси инспекторлари иштирокида шаҳар ҳокимлиги биносида йиғилиш ўтказилиб, уланинг вазифалари яна бир маротаба тушунтирилди.

Ишчи гуруҳларидаги мутассадиларнинг асосий вазифаси сифатида ҳар бир оила билан алоҳида индивидула сухбатлар ўтказиб, унда оилаларнинг ажралиш ёқасига келиб қолишларида ҳозирги даврдаги ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг арзимас муаммолари ва уларни қийнаб турган масалаларни аниқлаб уларга тез фурсатларда ўз фикрини ўзгартириш ва оилани мустаҳкам қўрғон сифатида қайта қуриш имкони борлигини уқтириб, бундай имкон қайтиб келмаслиги ва оилани давом эттириш имкони олдиларида турганлигини тушунтиришдан иборат эканлиги кўрсатилди.

Ўтказилган тадбирлар ўз самарасини бериб ажрашиш ёқасида турган              255 та оиланинг 49 таси ёки 20 фоизини ярашиб кетишларига эришилди. Жорий 18 ноябрь куни   вилоят прокуратураси ташаббуси билан Ёшлар маркази  мажлислар залида  “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” мавзусида ташкил этилган конференцияда ярашган оилаларга вилоят ҳокими томонидан қимматбаҳо совғалар топширилди. Ўзига хос байрам тусини олган тадбирдан  чиқаётган ярашган оилалар чеҳрасида чинакам бахтиёрлик, ҳаётдан, жамиятдан розилик яққол сезилиб турарди.

Моҳира Шакарова,

“Оила” ИАТ маркази Бухоро вилоят бошқармаси бош мутахассиси

 

 

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.