large_728e4e3d1215f428aa6b60b954b722c0
Oktabr 31, 2018 0

Ўзбекистонда даромад солиғи камайиши 2019 йилда аҳоли даромадини 6,5 фоиз оширади

Posted by:Администратор onOktabr 31, 2018

Ўзбекистонда солиқ ислоҳотлари бўйича даромад солиғининг камайиши 2019 йилда жисмоний шахсларнинг даромади 6,5 фоиз ошишига олиб келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 30 октябрда бюджет ижроси бўйича ўтказган йиғилишда айтилди.

Жисмоний шахслар учун даромад солиғи ҳозир прогрессив шкала бўйича ҳисобланиб, унинг энг юқори ставкаси 22 фоизга тенг. 2019 йил 1 январдан бошлаб ушбу солиқ 12 фоизга тушиб, ясси шкалада ҳисобланади. Бундан ташқари, ҳозир ягона ижтимоий тўловлар даромаднинг 25 фоизини ташкил этса, 2019 йилдан бошлаб 15 фоизгача туширилади. Фуқароларнинг 8 фоизлик суғурта бадали эса бекор қилинади. Бунинг натижасида жисмоний шахсларнинг солиқдан кейин қоладиган даромади кўпайиши кутилмоқда.

Тадбиркорларнинг тушумидан олинадиган мажбурий ажратмалар ҳам 2019 йилдан тўлиқ бекор қилиниши режалалаштирилган. Йиғилишда айтилишича, бунинг натижасида корхоналарда қўшимча 5,2 трлн сўм даромад қолади.

Бундан ташқари юридик шахслар мол-мулк солиғи 5 фоиздан 2 фоизгача, фойда солиғи 14 дан 12 фоизгача, кичик бизнес субъектлари ягона солиғи 5 фоиздан 4 фоизгача камайтирилиши натижасида тадбиркорлар ихтиёрида 2 трлн сўм қўшимча маблағ қолади. Умуман олганда, 19 та солиқ ва мажбурий тўловлар 15 тагача камайтирилади.

2019 йилги бюджет харажатлари ҳам асосан ижтимоий ва иқтисодий соҳаларга йўналтирилади ва аҳоли даромадини оширишга сарфланади.

“Келгуси йил ҳам бюджетдан тўланадиган ойлик, пенсия ва нафақаларни инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириш сиёсатини давом эттиришимиз керак. Бунда ойлик маошининг ўсиши нисбатан паст бўлган ижтимоий соҳа ходимларига асосий эътибор қаратиш, жумладан, тиббиёт ходимларининг ойлигини 26,5 фоизга, олий таълим ва фан муассасалалари ходимлари иш ҳақини 1,5 баробарга ошириш зарур”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси йилда ижтимоий нафақалар учун маблағлар ҳажмини 20 фоиз кўпайтириш, умуман, ойлик ва унга тенглаштирилган тўловларнинг давлат бюджети харажатидаги улушини 49 фоиздан 54 фоизга ошириш режалаштирилмоқда.

Президент бундай енгилликлар натижасида бюджет тушумларини таъминлаш бироз қийинлашиши ҳақида айтиб, йиғилишдагиларга кейинги йилда бюджет дефицитини қисқартириш, даромадларни кўпайтириш, жумладан, ишчилар сони ва иш ҳақини легаллаштириш бўйича тизимли ишларни амалга оширишни буюрди. Қўшилган қиймат солиғи тўлашнинг соддалаштирилган механизмини жорий этиш, мавжуд имтиёзларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, оптимизация қилиш бўйича ҳам топшириқлар берди. Шунингдек, иқтисодий идораларга солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар бўйича қонун лойиҳасини пухта ишлаб чиқиб, яқин вақт ичида Олий Мажлисга тақдим этиш вазифасини қўйди.

Жорий йилда ҳам бюджет дефицити рўй бериши кутилмоқда. Бунга асосан йил давомида ошиб бораётган имтиёзли кредитларнинг ва ижтимоий дастурларнинг давлат бюджети томонидан молиялангани сабаб қилиб кўрсатилаяпти.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.