4fdb42d3b721424871000402
Yanvar 12, 2018 0

Янги «Каптива» ёхуд сўнгги пушаймон

Posted by:Администратор onYanvar 12, 2018

Гулсора момонинг кўз олди яна қоронғилашиб кетди. У ҳозиргина ечиб қўйган кўзойнагини ахтариб тополмади. Атрофида турган нарсаларнинг барчаси бир хил рангда ғира-шира кўринди, аммо уларни бир-биридан ажрата олмади. Сўнг қўли билан пайпасланиб, кўзойнакни қидира бошлади. Шу пайт ўғли Тўлқин келиб қолди. У онасини кузатиб турди-да:

— Нимани қидиряпсиз? — деди.

Гулсора момо ёнида ҳеч ким йўқ, деб ўйлаганди. Шу боис ўғлининг товушидан чўчиб тушди. Ўзини ўнғайсиз сезиб:

— Кўзойнагимни қаерга қўйганимни билмаяпман, — деди.

Тўлқин онасининг ёнига келиб, кўзойнакни олиб бераркан:

— Буни дўхтир тақиш учун берган. Кўзингиздан олманг. Бўлмаса, кўзингиз толиқиб, баттар кўришингиз сусаяди. Тунов куни ўзи сизга тушунтириб айтди-ку, — деди.

Гулсора момо ўғлининг ёнида ўзини ёш боладай тутиб:

— Хўп, болам. Сен нима десанг, шу, — деб кўзойнакни тақиб олди. Дунё бирдан ёришиб кетгандай бўлди. Аммо кўп ўтмай боши оғриб, кўзи хиралашди. Кейин буларнинг барчасидан қутулишни истагандай ўрнига ётдию, кўзини юмди. Тўлқин эса хотинига чой айтиб, сўрига чиқиб ўтирди ва онасига қараб:

— Ҳа, чарчадингизми? — деди.

Онаси зўрға унинг гапини тасдиқлади. Сўнгра:

— Кўзим яна хира тортганга ўхшайди, Тўлқинжон, — деди нимадандир чўчигандай хастаҳол оҳангда.

— Одам қариса, шундай бўлавераркан-да, ойи. Дўхтирингиз айтган, бир ойдан сўнг олиб бориб қаратиб келаман. Унгача янги машина олсам, зўр бўларди. Сизни машинанинг олд ўриндиғига ўтирғизиб, дўхтирингизга олиб борардим. Она-бола бир айланиб келамиз-да. А?! — деди Тўлқин орзуга берилиб.

Гулсора момо эса унинг гапидан қувониб:

— Илоҳим, айтганинг келсин, болам, — деди.

Чой-нон олиб келаётган келини уларнинг гапини ярим чала эшитиб:

— Ҳа, она-бола бизни ташлаб, қаерга кетяпсизлар? — деди. Сўнг икки орада нима гап бўлганини билиб қўшиб қўйди.

— Тавба. Ҳеч замонда ҳам одам шундай орзу қиладими? Сиз ҳам тўйга денг, бозорга денг, келиб-келиб янги машина билан дўхтирга боришни ҳавас қиласизми?

Тўлқин «Онамнинг кўзини…», дея гап бошлаган эди, хотини тағин унинг оғзига урди.

— Онангизнинг кўзига нима қилибди? Мана, кўзойнакларни тақиб, замонавий момо бўлиб ўтирибдилар-да!

— Сен гапга аралашма! — деди Тўлқин аччиғи чиқиб. — Ундан кўра, бор, ишингни қил!

Eридан танбеҳ эшитган Зайнаб лабини буриб нари кетди. Гулсора момо эса келинининг ёнини олди.

— Қўй, бақирма, ўғлим. У яхши ният қиляпти. Тўғри-да, янги машина билан тўйга бориш керак. Дўхтирда нима бор?

* * *

Ёлғиз фарзандини уйлантирган Гулсора момо энди невара эркалаб ўтираман, деб орзу қиларди. У бошқа тенгдошларига қараганда тетик ва бақувват эди. Фақат икки йилдан буён негадир кўзи хиралашиб борарди. Тўлқин онасини бир неча бор шифохонага олиб борди. Гулсора момони текширган шифокор унинг кўзини оператсия қилиш кераклигини айтди. Тўлқин эса бошини қуйи эгиб, қанча харажат кетишини сўради. Врач бунинг учун вилоят шифохонасига бориш кераклигини ва тахминий ҳисоб-китобни айтди. Тўлқин шифохонадан ғамгин бўлиб қайтди. У коллежни тамомлагач, бош-қа ўқишни орзу ҳам қилмаганди. Отасиз ўсган Тўлқин онасига кўмакчи бўлиб, рўзғорнинг кам-кўстини тўлдирди. Фермада оддий ишчи бўлиб ишласа ҳам, йиғиб-териб тўрт-беш бош мол-ҳол қилди. Қўрасини қўйга тўлдирди. Мана энди ўғлига хатна тўй қилишни орзу қилиб юрганида онасининг тоби қочиб турибди. Тўйнинг ўзи бўлмаслигини билган Гулсора момо шифохонадан қайтгач:

— Кўзим яхши. Ўғлим, сен мени ўйламай, тўйни бошла. Ундан сўнг дўхтирга кўриниш қочмайди. Кўз юрак ёки буйракмики, азоб бериб оғриса. Кўзим хиралашса, кўзойнак тақиб тураман, — деди.

Бу гап Тўлқинга ҳам маъқул тушди. У топган-тутганини йиғиб, тўй қилди. Тўй тарқаб, ҳамма ёқ саранжом-саришта бўлгач, синфдош жўралари тағин меҳмонга келиб, ундан ҳол-аҳвол сўраган бўлди. Дўстлар одатдагидай чақчақлашиб ўтираркан, мактабда директор бўлиб ишлайдиган синфдоши:

— Тўлқинбой, сиз ҳам тўй қилиб, элга қўшилдингиз. Болаларингиз катта бўлиб, яхши-ёмон суқланиб қарайдиган бўлди. От уйнинг баракаси, деган эскидан қолган гап бор. Энди сиз ҳам бир тулпорнинг жиловидан маҳкам ушланг. «Нексия»ми ёки «Каптива»ми, фарқи йўқ. Замонамизнинг тулпорлари бир-биридан зўр. Ҳадеб ғўза оралаб юраверасизми? Бундай кўкракка шамол тегадиган вақт келди, — деди.

Бу гап ҳаммага маъқул келди. Жамшид ҳам орага қўшилиб:

— Тўғри гап айтилди. Тўлқинбой, энди бундайроқ бўлса ҳам машина олинг, — деди.

Бу гап Тўлқиннинг ҳамиятига тегиб ўтди. У ўйлаб ҳам ўтирмай:

— Бундайроқ машина нима бўлибди? Бир йилда янги «Каптива» олмасам, эркак эмасман, — деб юборди.

Синфдошлар уни бу аҳдидан қайтармоқчи бўлишди. Аммо фойдаси бўлмади. Шу кундан бошлаб Тўлқиннинг хаёлини машина олиш банд этди. У қандай бўлмасин, кўпроқ пул топиш илинжида эди. Ҳозир онасининг кўзойнак тополмай ўтирганини кўриб дили хира бўлди. Аслида, тўйдан сўнг онасини шифохонага олиб бориши керак эди. Аммо бир ярим йил ўтса ҳамки, онаси оператсияга розилик бермади. «Сен машина ол, кўзим кўр бўлиб қолгани йўқ-ку. Мана, бинойидай кўриб турибман», деди. Боз устига пенсиясини ҳам, бир-иккита қимматбаҳо тақинчоғини ҳам ўғлига тутқазиб: «Кам-кўстингга ишлатарсан», деди. Гулсора момо кам-кўстинг деганда, аслида, ўзини назарда тутганди. Тўлқин эса орзусига тезроқ етиш, Жамшиднинг ёнида бошини тик тутиш истаги билан банд бўлиб, буни фаҳмламади ҳам.

— Энди пулинг етарли бўлдими? — деб сўради онаси.

Тўлқин:

— Ҳали яна озгина қўшиш керак, — деди хавотирланиб.

— Ўзингни қийнамай, пулинг етадиган машинадан олсанг бўлмайдими? — деди Гулсора момо.

— Бўлмайди, ойи! Мен анави олифта Жамшидга кўрсатиб қўйишим керак. Янги «Каптива» оламан деганман.

Гулсора момо шундан сўнг ҳам у ўғлига бир неча бор кўздан қолаётганига ишора қилиб гапирди. Тўлқин эса онасига янги кўзойнак олиб бериб, энди яхши бўлишини айтарди. Ниҳоят, Тўлқин орзусидаги машинани олиб келди. У синфдошлари ва ўзига яқин билганларни чақириб, машина учун зи±фат берди. Эртаси куни боши оғриб, супада ёнбошлаб ётаркан, онаси текис йўлакда пайпасланиб юрганини кўрди. Шундагина онасининг кўзи буткул хира тортиб, юришга ҳам қийналиб қолганини билди ва онасини шифохонага олиб борди. Узоқ текширувлардан сўнг врач Тўлқинни ёнига чақирди ва:

— Кеч. Анча кечикиб келибсизлар. Ҳеч бўлмаганда ярим йил аввал келганингизда ҳам озгина умид қилсак бўларди. Энди бефойда. Онангиз мутлақ кўрмай қолган. У кишига яхши парвариш керак. Агар сиқилиб, қийналадиган бўлса, юрак ҳам чарчайди. Қон босими юқори. Бу ёшда кўтара олмаслиги мумкин, — деди. Тўлқин бу гапларни туш кўргандай эшитди. Сўнг йўлакка чиқиб, онасига нима деб жавоб беришни билмай қолди. Кейин зўрға тилга кириб:

— Юринг, ойи, уйга кетамиз, — деди. — Ҳозир шифохонада жой йўқ экан. Касал кўп дейишди. Кейин бир-иккита дори ёзиб берди. Шуларни ичсангиз ҳам, яхши бўлиб кетаркансиз. Бирор ҳафтадан кейин яна олиб келаман.

Гулсора момо индамай ўғлига эргашди. Унинг қорачиқлари оқариб кетган кўзидан дувиллаб ёш қуйилар, тинимсиз ўғлини алқаб дуо қиларди. Тўлқин бунга ортиқ бардош беролмади. У ҳам сал қолса, ўкириб йиғлаб юборай деди. У бир қўли билан онасини қучоқлаб, бошқаси билан ёшларини артарди. Тўлқин шифохона ҳовлисида бошқаларнинг ҳавасини келтириб турган «Каптива»сига қарагиси ҳам келмай, кўчага чиқди ва дуч келган таксини тўхтатиб, онасини уйга олиб кетди.

 

 

 

 

 

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.