0_162e39_84c50bcd_orig
Oktabr 30, 2017 0

ВАТАННИ АНГЛАШ ЕРНИ АНГЛАШДАН БОШЛАНАДИ

Posted by:Администратор onOktabr 30, 2017

Бахтиёр САЛОМОВ
03

Бахтиёр Саломов 1989 йил 9 июнда Самарқанд вилояти Жомбой туманида туғилганман. Тошкент Халқаро Вестминстер университетини тугатганман. Адабиётга меҳрим кучли. Мақолаларим «Китоб дунёси», «Маърифат» газеталарида эълон қилинган. Ҳозирда «Diplomat Travel» компанияси ахборот хизматида ишлайман.

03

Ўтмишда карвон билан узоқ-узоқ сафарларга отланган боболар ҳам ўзлари билан бир кафт тупроқни олиб келганлар. Гўёки, олис манзилларда йигитга Ер йўлдош бўлади. Энг қадимги битиктошлар ҳам ўзларининг тош тиллари билан Ерни, тупроқни шарафлаб ҳануз куйлайдилар. Билга ҳақон, Тўнюқуқ , Қултигин… куйлайди: “Давлатли халқ эдим, давлатим қани энди, ҳоқонли халқ эдим, ҳақоним қани энди?…”

Ватанни англаш бир парча Ерни англашдан бошланади. Бу борада дарахтлар яхши тимсолдирлар.

Дарахтларнинг илдизлари Ер бағрида, одамларнинг томирлари ўз ичларида. Лекин, ўзини билган одам илдизларни ўзи яшаётган юрт Ери бағридан излайди.

Бир одам урушда бўлди. Беш йил қон кечди. Ўлимни кўравериб, дийдаси қотди. У билан ажал ёнма-ён юрди. Бу одам фақат бир нарсани ўйлади: “Туғилган қишлоғимга интилиб-иширилиб етсам, ўйнаб-ўсган Ерим устига бир оёғимни босиб улгурсам… Майли иккинчи оёғим орқада қолиб, шу тупроққа етолмай қолса ҳам, шу бир қадам орасида, шу бир лаҳзанинг ичида жоним учиб кетса ҳам розиман”.

Ўлим бу одамни аяди. У уршдан олти мучаси соғ қайтди. Вақти-соати етгунча ўз Ери билан яшади. Вақти соати битгандан кейин ҳам ўз Ерининг бағрида қолди.

Нима учун одамлар “Отамдан қолган ”,”Бобомдан қолган ”, “Онамдан қолган” деган ибораларни яхши кўрадилар. Нима учун одамлар ўлими яқинлашганда ота-боболари ётган қабристон сари интиладилар? Буларнинг хаммаси тупроқнинг ҳикмати билан боғлиқ. Ҳеч ким отасидан қолган пул ва бойликни намойиш қилиб эътибор қозонмайди. Бу нарсаларни намойиш қилишга эҳтиёж ҳам сезилмайди. Чунки бу ўзбекликка хос эмас. Балки, улар бир қари дарахт, ё бир қари чолдеворни, ё бир парча ерни кўрсатишиб, бу “Отамдан қолган” деб дардли-дардли фахрланишади.

Кимдир “бу отамни куриб қолган” деб бир дарахтни тавоб қилаётган бўлса, ё яна кимдир “бу киши онамни кўриб қолган” деб бир кекса кампирнинг кафтларини кўзига сураётган бўлса, буни ўзбеклик деб тушунмоқ керак.

Буларнинг ҳаммаси Ернинг ҳикмати билан боғлиқ. Аксиома-ку бу! Ота-боболар ҳам шу Ерда яшаганлар, уларни кўриб қолган минг йиллик чинорлар ҳам шу Ерда кўкарганлар. Лекин, аксиомани исбот талаб қилмай деб ешитмаганга олиш ёмон. Ҳар қандай исботсиз қабул қилинадиган нарсани нима учун исботсиз қабул қилиниши англаш керак. Ана шунда битта жумланинг исботсиз қабул қилиниши учун бутун-бутун тарихлар кеч- ганлигини илғайсиз.

Аслида ҳикматлар ҳам аксиомага ўхшайди. Лекин, унинг исботи дуч келган жойда сочилиб ётмайди, балки бу исботни ҳар ким ўз қалбидан излашига тўғри келади.

Зеро, “Она Ер муқаддас” деган битта гапни, оддий гапни мингта қулоқ минг хил эшитади, мен қандай хулоса чиқараётган бўлсам, бошқалар шундай эшитаяпти, бошқалар ҳам шундай хулоса чиқараяпти деб ўйлаш нотўғри, аниқроғи худбинликдир. Чунки, бу ҳолда одамнинг одамдан фарқи қолмас эди.

Ўсмирлик йилларимда, кечалари пахтага сув қўйиб, сувчилик қилиб юрган вақтларимда Ер билан гаплашаётган деҳқонларни кўрганман. Худди бобоси билан дардлашаётгандай гаплашарди улар. Бу одамлар учун бободеҳқон деган бир тимсол бор эди-ки, уни Ернинг рухи деб ўйлашарди. Улар бободеҳқонга атаб, қон чиқариб садақа қилишар ва ўзлари эккан экинларни Бободеҳқон бир оралаб ўтиб кетса, сўнгсиз барака ёғишини ўйлашиб, орзуманд яшардилар. Улар ерни хафа қилишдан, Бободеҳқонни ранжитиб қўйишдан жуда хавотирланардилар. Мен ўша пайтларда Ер ҳидини аниқроқ туйганман. Тунги соат иккилардан сўнг бутун далани Ер ҳиди тутиб кетарди. Бу жуда ёқимли эди.

Ернинг ҳам руҳи бор…

Бир гурунгда, ҳатто бир қамишни ҳам битта одамдай соғиниш мумкин экан, дедим. Шунда бир раҳбарномо киши. “Шуям гап бўлдими?” деди. Бу одамга дарак гапчалик туюлмаган бу гап мен учун ундов гап эди. Мен учун одамларимиз қатори, дарахтлар ҳам, жониворлар ҳам, ҳатто , қамишлар ҳам шу Ернинг Ўзбеклар Ерининг фарзандларидай туюлади. Буларнинг ҳаммаси Ернинг ҳикмати билан боғлиқ.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.