soliq logosi
Avgust 12, 2017 0

Солиқ сиёсати: ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим омили

Posted by:Администратор onAvgust 12, 2017

Мамлакатимизда солиқ тизимини такомиллаштириш ҳамда соддалаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада солиқ маъмуриятчилиги шаффофлигини таъминлаш, солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш борасида муайян ютуқларга эришилмоқда.

Бу борада 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида солиқ солиш базасини кенгайтириш орқали солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш ва солиқ юкини камайтириш масалалари алоҳида ўрин тутади.

Жумладан, бу йўналишда солиқ тизимини такомиллаштириш жараёнида хўжалик юритувчи субектларга нисбатан солиқ юкини изчил камайтириш мақсадида, энг аввало, уларнинг даромадларидан ундириладиган бевосита солиқларнинг салмоғини камайтириш муҳим аҳамият касб этади. Албатта, солиқ юкини камайтириш натижасида корхоналарда ўз ихтиёрида қоладиган маблағлардан ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш, унинг самарадорлигини ошириш мақсадида инвестиция фаолиятини кенгайтириш ҳамда ходимлар меҳнатини янада рағбатлантириш имкони пайдо бўлмоқда.

Шунингдек, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқларни бирхиллаштириш бўйича амалга оширилаётган қатор чора-тадбирлар, ўз навбатида, корхоналарнинг бухгалтерия ходимларини солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш ишларини соддалаштиришга ҳамда солиқ мажбуриятларининг бажарилишини самарали назорат қилишга ёрдам беради.

Таъкидлаш лозимки, бу борадаги ислоҳотларни изчил давом эттириш ва янада жадаллаштириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Бинобарин, замонавий талабларга жавоб берадиган солиқ тизими – иқтисодиётни жадал ривожлантириш, тадбиркорлик фаолияти учун қулай шароитлар яратиш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтиришнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

Ўтган давр мобайнида тадбиркорлик субектларида текширишларни ва уларнинг фаолиятига асоссиз аралашишларни қисқартириш бўйича бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Тадбиркорлик субектлари фаолиятини режадан ташқари ва муқобил текширишлар бекор қилинди, ҳисоботларнинг шакли ва топшириш муддатлари соддалаштирилди.

Шу билан бирга, солиқ маъмуриятчилиги соҳасида, жумладан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни йиғишда, солиқ солинадиган базани кенгайтиришда ва солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда муайян муаммолар мавжудлиги ва бу эса ўз навбатида, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини молиялаштиришнинг барқарор манбаларини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган таркибий ўзгартиришлар ва ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида, жумладан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган, солиқ солиш тизимини изчиллик билан соддалаштириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш орқали солиқ юкини пасайтириш каби вазифалар белгиланган.

Ушбу вазифалар ижроси юзасидан, шунингдек, солиқ маъмуриятчилигининг замонавий услубларини жорий этиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғилувчанлигини ошириш мақсадида жорий йилнинг 18 июлида Президентимизнинг «Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон билан солиқ тизимини такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ қилишнинг муҳим йўналишлари белгилаб берилди.

Жумладан, солиқ маъмуриятчилиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услубларини кенг жорий этиш, солиқ тўловчиларга, энг аввало, тадбиркорлик субектларига тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатишга тўлиқ ўтиш вазифаси белгиланди. Бундан кўзланган асосий мақсад, бир томондан солиқ тўловчиларнинг беҳуда қоғоз, йўл ва бошқа сарф-харажатларини камайтирса, иккинчи томондан таъмагирлик каби коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Шунингдек, солиқ мажбуриятларини бажаришда солиқ тўловчиларга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда солиқ назоратини амалга оширишнинг замонавий услубларини жорий этиш каби вазифалар юқорида айтиб ўтилган эзгу мақсадларни кўзда тутади.

Макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикаси ва ҳудудларнинг солиқ салоҳиятини тизимли таҳлил этиш орқали солиқ солиш обектларини тўлиқ қамраб олишни таъминлаш ва солиқ солинадиган базани кенгайтириш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси эса маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини ошириб, уларнинг мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Бу борада солиқ солиш масалаларида, шу жумладан, республика ва маҳаллий бюджетлар даромадларини оширишнинг қўшимча захираларини аниқлаш орқали молия органлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкор-ликни кучайтириш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Солиқ тизимининг самарадорлиги ва соҳа ходимларининг солиқ тўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиши, албатта, кадр ларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, солиқ органларини маънавий-ахлоқий жиҳатдан юқори малакали ходимлар билан тўлдириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, шунингдек, улар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш ҳамда улар учун хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитларини яратишни талаб этади.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, солиқ органлари ва ҳалол солиқ тўловчилар ўртасида уларга жорий солиқ солиш масалаларини ҳал этишда ҳар томонлама кўмаклашган ҳолда кенгайтирилган ахборот алмашинувини таъминлайдиган солиқ назоратининг замонавий шакли – солиқ мониторингини жорий этиш белгиланди.

Бундан буён, солиқ мажбуриятларини ўз вақтида бажарадиган, қонунга итоаткор солиқ тўловчиларга давлат солиқ хизмати органлари томонидан доимий равишда ҳар томонлама тезкор ва самарали кўмак бериб борилади.

Хусусан, даромад келтирувчи тармоқларда фаолият юритадиган йирик солиқ тўловчиларга самарали ва ўз вақтида хизмат кўрсатиш мақсадида илғор хориж тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг солиқ маъмуриятчилиги бўйича функциялари бевосита Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Шунингдек, Фармон билан вақтинчалик молиявий қийинчиликларга тўқнаш келган ҳалол солиқ тўловчилар – хўжалик юритувчи субектларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ таътиллари бериш тарзидаги давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакли киритилди.

Бундан ташқари, солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни қайтариш ёки ҳисобга олиш муддати икки баробарга қисқартирилди. Яъни, ушбу тўловларни қайтариш ва ҳисобга олиш солиқ тўловчи ваколатли органларга мурожаат этган санадан бошлаб 15 иш куни ичида амалга оширилади.

Тўғридан-тўғри мулоқотсиз солиқ назоратининг таъсири ва самарасини ошириш доирасида ўтказилган камерал назорат натижалари бўйича аниқланган тафовутлар юзасидан солиқ тўловчилар томонидан асослар тақдим этилмаган тақдирда, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммаларини суд тартибида ундириш жорий этилди.

Яна бир муаммони ҳал этишга, яъни ҳалол ва қонунга итоаткор корхоналарга «носоғлом» рақобат муҳитини яратаётган «хуфёна бизнес» юритаётган корхоналарга нисбатан таъсир чораларини кучайтиришга эътибор қаратилди.

Хўжалик юритувчи субектлар ўртасида «соғлом рақобат»ни таъминлаш ва «хуфёна бизнес» юритиш фактларининг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида давлат солиқ хизмати органларига кирим ҳужжатларини расмийлаштирмасдан товарларни (ишларни, хизматларни) реализатсия қиладиган хўжалик юритувчи субектларнинг ҳисоб варақлари бўйича оператсияларни 5 банк кунигача бўлган муддатга вақтинчалик тўхтатиб туриш ваколати берилди.

Шу мақсадда, солиқ органларига ҳисоб-китоблар ҳақидаги маълумотларнинг онлайн режимида берилишини таъминлайдиган назорат-касса машиналарини қўллаш орқали нақд пул тушуми устидан автоматлаштирилган назорат тизими жорий этилиши белгиланди.

Яна бир масала, мавжуд иш ўринларини легаллаштириш ва бу йўналишда ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш учун давлат солиқ хизмати органларига хўжалик юритувчи субектлар ходимларининг ҳисоботдаги ва ҳақиқий сони мувофиқлиги устидан тизимли мониторингни амалга ошириш ва натижаси бўйича солиқ солиш базасини аниқлаштириш вазифалари юклатилди.

Шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва уларни барвақт профилактика қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида солиқ текшируви обектларини самарали танлаб олиш учун солиққа оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш хавфларини таҳлил қилиш, шунингдек, солиқ органлари томонидан юқори ликвидли маҳсулотлар ҳақиқий ишлаб чиқариш ҳажмининг доимий ҳисоби ва назоратини амалга ошириш бўйича ихтисослаштирилган автоматлаштирилган тизимнинг жорий этилиши белгиланди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспексияси ташкил этилди ва унинг фаолияти бюджет даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлашга ва уларнинг сафарбар этилишини таъминлашга, солиқ ва божхона тўловларининг йиғилувчанлик даражасини тизимли таҳлил қилишга, Давлат бюджети даромадлари прогноз кўрсаткичларининг холислиги ва асослилигини баҳолашга, солиқ солиш объектлари ва солиқ солинадиган базани тўлиқ қамраб олиш устидан қатий назоратни амалга оширишга, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун фойдаланиладиган маълумотлар базаларининг ишончлилигини баҳолашга, даромадлар прогнозини сифатли шакллантиришда ва бажаришда молия ва солиқ органларининг масъулиятини оширишга ҳамда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш чораларини кўришга йўналтирилди.

Шунингдек, мавжуд захираларни сафарбар қилиш, солиқ солиш обектларини тўлиқ қамраб олинишини таъминлаш, солиқ солиш базасини ва солиқ низоларини судгача ҳал этиш амалиётини кенгайтириш, солиққа оид ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси тузилмасида қуйи бўлинмаларга эга бўлган янги ихтисослаштирилган тузилмалар ташкил этилди.

Солиқ органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг самарали мувофиқлаштирилишини таъминлаш ва солиқ тўловчиларга давлат интерактив хизматларини кенгайтириш учун – Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари лавозими жорий этилди.

Фармоннинг яна бир муҳим жиҳатларидан бири, бу – давлат солиқ хизмати органларида меҳнат қилаётган ходимларга хизматни ўташнинг муносиб шарт-шароитларини яратиш ва уларни моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришдир.

Шу мақсадда, Фармон билан давлат солиқ хизмати органлари ходимларига имтиёзли шартларда уй-жой сотиб олишга ипотека кредитлари бериш ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарага турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси тўловларини тўлаш тартиби жорий этилди.

Фармоннинг амалий ижроси учун 37 банддан иборат бўлган Давлат солиқ хизмати органлари фаолияти ва солиқ маъмуриятчилигининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди.

Ушбу Дастурни ўз вақтида ва самарали амалга ошириш мақсадида Солиқ қонунчилиги ва солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш бўйича Ишчи комиссия тузилди ва унинг фаолияти қуйидагиларга:

солиқ маъмуриятчилиги ва назоратини ташкил этиш тартиби ва методологиясини тубдан такомиллаштиришга;

хўжалик юритувчи субектлар ва жисмоний шахсларнинг солиқ юкини янада камайтиришга;

хўжалик юритувчи субектларни «йирик солиқ тўловчилар» тоифасига киритиш мезонларини белгилашга;

бир хил солиқ солиш базасига эга бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни бирлаштиришга;

солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллаш учун қўшимча мезон (оборотнинг чегаравий миқдори) жорий этиш ва ушбу миқдор ошган корхонага, кичик тадбиркорлик субекти мақомини сақлаб қолган ҳолда, қўшимча солиқ мажбуриятларини белгилашга;

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда фаолиятини амалга оширадиган, шунингдек, деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализатсия қиладиган якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ ставкаларини оптималлаштиришга;

ҳалол, шу жумладан, иш ўринларини ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини легаллаштирадиган солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чораларини жорий этишга;

Интернет тармоғида савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасида солиқ назоратини амалга ошириш механизмларини жорий этишга;

давлат солиқ хизмати органлари ходимларини моддий рағбатлантириш механизмларини такомиллаштиришга йўналтирилди.

Фармон билан солиқ тўловчиларга 2018 йилнинг 1 январига қадар давлат солиқ хизмати органларининг барча давлат хизматларидан, шу жумладан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон фойдаланиш имкониятини таъминлаш ҳамда тадбиркорлик субектларини тўлиқ электрон рақамли имзо билан таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади.

Шунингдек, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқ назоратини такомиллаштириш мақсадида солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига тақдим этиладиган ахборотларнинг мазмуни танқидий қайта кўриб чиқилиши белгиланди.

Бундан ташқари, жорий йил якунига қадар барча манфаатдор вазирлик ва идоралар, жумладан, «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, статистика, адлия, прокуратура органлари, судлар, «Ўзбекенерго» АЖ ва «Ўзтрансгаз» АК корхоналарининг солиқ органларининг Ягона интеграциялаштирилган ахборот ресурс базасига интегратсия қилиниши таъминланади.

Хулоса қилиб айтганда, Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади, унинг шаффофлигини таъминлайди, бу эса шубҳасиз мамлакатимизда олиб борилаётган пухта солиқ сиёсатининг барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, иқтисодиётни модернизациялаш орқали юртимизнинг гуллаб-яшнаши ва аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда энг муҳим омиллардан бири бўлиб хизмат қилади.

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.