APL angliya premyer liga
Avgust 12, 2017 0

АПЛ. Чемпион стартга чиқади, Руни эски уйига қайтди, Гвардиола шогирдлари дебютантга “апперкот” берадими? (Превью)

Posted by:Администратор onAvgust 12, 2017

Бугун АПЛда 1-тур давом эттирилади. Championat.asia сайти ходими Толибжон Қосимовдан Премьер-лига ўйинларига бағишланган превьюларни ўқишда давом этинг.

Кеча тунда АПЛ катта жўшқинлик билан кириб келди. “Арсенал” ва “Лестер” жамоалари мухлисларга супер томошабоп ўйин намойиш этиб беришди. Бугун эса дастлабки тур беллашувлари давом эттирилади. Қуйида бугунги кундан ўрин олган ўйинларга бағишланган превьюни эътиборингизга ҳавола этамиз. Эслатиб ўтамиз, “Уотфорд” – “Ливерпуль” тўқнашувига ёзилган превьюни сайтимиз орқали олдинроқ ўқиган эдингиз.

АПЛ, 1-тур
“Челси” – “Бернли”

12.08.2017, 19:00
“Стэмфорд Бриж”
Бош ҳакам:
Крейг Поусон (Лондон)

Туманли албионнинг амалдаги чемпионлари янги мавсумни уйда камтар “Бернли”га қарши баҳс билан бошлашади. Антонио Конте ёзда ҳимояда рақобатни вужудга келтириш учун “Рома”дан Антонио Рюдигерни олиб келди. Бундан ташқари, “Боруссия” (Мюнхенгладбах) сафида ижарада ўйнаган Андреас Кристенсен қайтди. Ҳозирча, Рюдигер асосий ҳимоячиларга рақобатда ютқазмоқда. Бегович ўйин амалиётига эга бўлиш учун “Борнмут”га ўтиб кетгач, унинг ўрнига захира кипери сифатида Вилли Кабальеро сотиб олинди. Таянч ва марказий ярим ҳимояда ўйнай оладиган Темуа Бакайоко (“Монако”дан олинди) ҳам “кўклар”ни кучайтириши мумкин. Лекин, Темуага Контенинг ўйин услубига мослашиб олиши учун вақт керак. “Аристократлар”нинг асосий хариди “Реал” форварди Альваро Мората бўлди. Бир оёғи билан МЮга ўтиб бўлган Альваро сўнгги паллада Мадридда қолди. “Қизил иблислар” унинг ўрнига Ромелу Лукакуни сотиб олишди. Ўз навбатида, Лукакуни Моурга бериб қўйган Конте нима қилиб бўлсада Моратанинг сотиб олинишига эришди. Ҳозирча, испаниялик ҳужумчи асосий таркибга кириб олганича йўқ. Қолганини вақт кўрсатади.

“Бернли” ўтган йил уй ўйинларидаги ижобий натижалари билан кўпчиликнинг эътиборини тортган эди. Шон Дайч шогирдлари уйда ҳатто чемпион бўлган “Челси”дан ҳам очко тортиб олишган эди. Лекин, сафардаги ўта муваффақиятсиз ўйинлар ва “Бернли” мавсумни 16-поғонада якунлаган эди. Айнан уйдаги натижалар сабаб АПЛнинг 2016-2017 йилги ўйинларига бағишланган превьюларимизда “Терф Мур мўжизаси” иборасини бот-бот ишлатган эдик. Расмий ўйинлар олдидан асосий ҳужумчиси Андре Грейни “Уотфорд”га сотиб юборган “Бернли” бу йил ҳам уй ўйинларида ҳаммани ажаблантирадими ёки йўқ? Буни энди вақт кўрсатади.

Антонио Конте ўтган мавсум “Арсенал”дан 0:3 ҳисобида қақшатқич мағлубият қабул қилиб олганидан кейин умуман таваккал қарорлар чиқармади. Ҳатто, ўртамиёна клубларга қарши ҳисобда олдинда бораётганида ҳам 2-бўлимда захирадан ҳимоячиларни тушириб бораверди ва якунда чемпион бўлди. Бу йил вазият янада мураккаблашади. Сабаби, рақобатчиларнинг деярли ҳаммаси таркибни анча кучайтириб олишди.

“Кристал Пэлас” – “Хаддерсфилд”
12.08.2017, 19:00
“Селхерст Парк”
Бош ҳакам:
Жонатан Мосс (Йоркшир)

Бир йил олдин турнир жадвалида хавфли зонага тушиб кетган “Кристал Пэлас”ни Сэм Эллардайс қабул қилиб олди ва жамоани 14-ўринга олиб чиқди. Катта Сэм қуйига шўнғиб кетаётган жамоаларни ботқоқдан олиб чиқиш бўйича мутахассис десак ҳам бўлади. Янги мавсумда “Пэлас” яна ўша иккинчи ўнталикдан жой олса керак.

“Хаддерсфилд” эса Премьер-лигага ўтиш ўйинида афсонавий Яп Стам бошқарувидаги “Рединг”ни таслим этиб элитага чиққан. Бу жамоа яхши таниш эмас. Бу нарса эса рақибларга ҳам муаммо туғдириб қўйиши мумкин.

“Эвертон” – “Сток Сити”
12.08.2017, 19:00
“Гудисон Парк”
Бош ҳакам:
Нил Суорбрик (Ланкашир)

Инглиз клублари орасида ёзги трансфер ойнасида энг фаоллардан бўлган “Эвертон” уйда “Сток Сити”ни қабул қилади. “Ирислар”иккита жиддий йўқотишга дуч келишди. Лукаку МЮга, Деулофеу эса “Барселона”га кетди. Лекин, Рональд Куман уларнинг ўрнини босадиган футболчиларни олиб келди. Пикфорд дарвозага, Майкл Кин ҳимояга, Дэви Клаасен ярим ҳимояга, Уэйн Руни, Сандро Рамирес ва Генри Оньекур ҳужумга олинди. Бундан ташқари, “Суонси” етакчиси Гулфи Сигурдссон учун кураш давом этмоқда. Бу йил ливерпулликлар олдиларига камида ЕЧЛ йўлланмасини вазифа қилиб қўйишган бўлса керак. Ҳар ҳолда таркиб бунга имкон беради.

“Сток Сити” бу йил икки нафар асосий ҳужумчисини сотиб юборди. Жонатан Уолтерс “Бернли”га, Марко Арнаутович эса “Вест Хэм”га йўл олди. Уларнинг ўрнига “Шальке-04″дан Эрик-Максим Чупо-Мотинг харид қилинди. Жо Аллен етакчилигидаги “Сток” ўртамиёна номини сақлаб қолса керак.

“Саутгемптон” – “Суонси”
12.08.2017, 19:00
“Сент-Мэрис”
Бош ҳакам:
Майкл Жонс (Честер)

“Вест Бромвич” – “Борнмут”
12.08.2017, 19:00
“Хауторнс”
Бош ҳакам:
Роберт Мэдли (Йоркшир)

“Брайтон” – “Манчестер Сити”
12.08.2017, 21:30
“Фалмер”
Бош ҳакам:
Майкл Оливер (Нортумберленд)

“Брайтон” олдинги йил узоқ вақт мобайнида Чемпионшипда карвонбошилик қилди. Лекин, ҳал қилувчи паллага келганда “Ньюкасл” улардан ўтиб кетди. Жамоанинг асосий юлдузлари Глен Маррей ва Антони Нокаэр. Бугун “Сити” тезкор гол уриб олса, унда “Брайтон”га ҳавас қилиб бўлмайди. Агар мезбонлар ҳимояни ушлай олишса унда жуда кучли рақибни бироз қийнаб қўйишлари мумкин.

Ёзда энг жиддий трансферларни амалга оширган “Манчестер Сити” янги мавсумда чемпионлик учун асосий фаворитлардан бирига айланиши турган гап. Гвардиола истаган ўйинчилар жамоага олиб келинди. Дунёнинг энг қиммат дарвозабони Эдерсон ва ҳимоячиси Бенжамин Менди “Сити”га ўтди, ҳужумкор ярим ҳимоячи Бернарду Силва “Монако”дан сотиб олинди. Ўнг қанот ҳимояга эса бирданига икки нафар ўйинчи сотиб олинди. “Тоттенхэм”дан Кайл Уокер ва “Реал”дан Данило келди. Гвардиола шунча трансферлардан кейин нимадир ютиши керак. Сарфланган жуда катта маблағ соврин билан ювилмаса мухлислар норози бўлиши табиий. Янги мавсум “шаҳарликлар” ҳужумида Габриэл Жезус асосий фигура бўлади. Бразилиялик буни ўтган мавсум иккинчи қисмида кўрсатиб қўйган эди.

Толибжон Қосимов

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.