ermatov
Avgust 12, 2017 0

40 ЁШГА ТЎЛГАН РАВШАН ЭРМАТОВ ҲАҚИДА 10 ФАКТ

Posted by:Администратор onAvgust 12, 2017

Ўттиз олти ёшида Жаҳон чемпионатлари финал босқичида энг кўп – 9 та ўйинни бошқариб, дунё рекордини ўрнатган Равшан ЭРМАТОВ 9 август куни 40 ёшини нишонлади.

“Эрудит СПОРТ” нашри ҳамюртимизнинг туғилган куни билан қутлар экан, унинг таржимаи ҳолида учрайдиган айрим маълумотларни ёдга олади.

ФАКТ 1. СУЯК СУРГАН
Унинг отаси Сайфиддин ака Эрматов ўз вақтида “Пахтакор” ўринбосарлари, Тошкентнинг “Спартак”, Бухоронинг “Автомобилчи” жамоаларида тўп сурган. Бутсасини “михга илгач” “Пахтакор” болалар ва ўсмирлар мактаби, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасига устозлик қилган. 1988 йилдан эса ҳакам сифатида ўйинларни бошқарган. Бошқача айтганда, от изини той босиши, Равшаннинг “миллионлар ўйини”га ипсиз боғланиши аниқ эди. Шундай ҳам бўлди. Ёшлигидан футбол муҳитида ўсиб, унга меҳр қўйди.

102318019

ФАКТ 2. БИРИНЧИ ЛИГА ВА ЖАРОҲАТ
Кичик Эрматов учун катта футбол Биринчи лигадан бошланди. Тошкент вилоятининг “Ғазалкент” (1994 йил), Тошкентнинг “Истиқлол” (1995 йил) ва “Шайхонтоҳур” (1996 йил) жамоаларида марказий ярим ҳимоячи бўлиб ҳаракатланди. Фалокат оёқ остида дейишади. Кутилмаганда жароҳатга йўлиқди. Бу – ўн тўққиз яшар йигитча учун оғир зарба эди. Пешанасида моҳир футболчи бўлиш ёзилмаган экан. Тақдирдан эса қочиб қутулиш иложсиз. Узоқ таҳлиллардан сўнг шифокорлар унга футболни тўхтатишни маслаҳат берди.

Ravshan+Irmatov+Croatia+v+Mexico+Group+2014+O_ID5cCaGzYl

ФАКТ 3. МУРАББИЙЛИКДАН ҲАКАМЛИККА
Ўшанда Сайфиддин Эрматов фарзандини тушкунликка тушмаслиги учун мураббийликка жалб қилди. Кунларнинг бирида Чиғатой футбол базасида ўртоқлик ўйинини бошқариши керак бўлган ҳакам келолмай қолди. Шунда ота ўғлининг қўлига ҳуштакни тутқазиб, ўйинни бошқаришини айтади. Шундан кейин қунт билан ҳакамлик сир-асрорларини ўрганди, инглиз тили курсига қатнади. 1998 йилдан Иккинчи лига, 1999 йилдан Биринчи ва 2001 йилдан Олий лига ўйинларини бошқара бошлади. Олий лигадаги дастлабки ўйини “Зарафшон” – “Семурғ” жамоалари ўртасидаги баҳсга тўғри келди. – Қачонлардир жароҳатланишимга сабабчи бўлган футболчидан аччиқланардим. Мусобақага ҳакам келмаганда ҳам қандай қилиб бундай масъулиятсиз бўлиш мумкин, деб ундан жаҳлим чиққан. Энди эса ҳар иккисидан миннатдорман”, — деб эслайди Равшан Эрматов.

2

ФАКТ 4. ҚАНДАЙ БАҲО БЕРИЛГАН?
2000 йилнинг қишида Равшанга Қашқадарёдан, вилоят ҳокими кубогида ишлаш учун таклиф тушди. Олий лигада қанот ҳаками, иккинчи лигада бош ҳакам сифатида ишлаётган Эрматовга финал учрашувини бошқариш ишониб топширилади. Учрашувни бевосита стадиондан кузатаётган мутахассис Рустам Акрамов ёнидаги шерикларидан “Бу йигит ким?” деб сўрайди. – Ёш судьяларимиздан, Равшан Эрматов… Нима, у қандайдир… хато қилиб қўйдими-а?”, — дейди мусобақа ташкилотчиларидан бири. – Қаерда ҳакамлик қилади?, — сўрайди меҳмон. Иккинчи лигада ишлашини айтган ташкилотчи “Бундай савия билан “олий”га лойиқ”, деган жавобни эшитганди.

ФАКТ 5. ОЛТИ ФИНАЛНИ БОШҚАРГАН
Эрматов 2003 йилдан ФИФА рефериси ҳисобланади. Терма жамоалар иштирокидаги Осиё кубоги-2004, 2011, 2015; ЖЧ-2010, 2014; Конфедерациялар кубоги-2013; Олимпиада ўйинлари-2012; Шарқий Осиё кубоги-2013; Жаҳон чемпионати саралаш учрашувлари-2006, 2010, 2014, 2018; Осиё чемпионати саралаш учрашувлари-2011, 2015; ЖЧ U-17-2007, 2009; ЖЧ U-20-2007, клублар миқёсида Осиё Чемпионлар лигаси; Клублар ўртасидаги мундиал-2008, 2011; Сузуки Кубоги-2012; Ҳиндистон Супер лигаси-2014, 2015 ва Қозоғистон Суперкубогини бошқарган. Ҳакамга Олимпиада ўйинлари-2012 3-ўрин учун, Осиё кубоги-2011, Клублар ўртасидаги мундиал-2008, 2011, Осиё Чемпионлар лигаси-2011, 2013, 2015 финал, ЖЧ-2010 очилиш учрашуви ишониб топширилган. Халқаро майдонда 140 ўйинда футболчиларга 452 сариқ, 17 қизил карточка кўрсатган;

89679565

ФАКТ 6. ЮТУҚЛАРИ
Ўн карра Ўзбекистоннинг, беш карра Осиёнинг “Энг яхши рефереси” деб топилган; 2011 йилда Халқаро футбол уюшмалари федерацияси “Жаҳоннинг энг яхши ҳаками” деб тан олган; 2015 йилда “Globe Soccer Awards” тақдирлаш маросимида “Йил ҳаками” мукофотини қўлга киритган; 2010 йили “Ўзбекистон ифтихори”, 2014 йили “Эл-юрт ҳурмати”, 2015 йили “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.

ФАКТ 7. МУРАББИЙЛАР ЭЪТИРОФИ
Ҳакамнинг профессионаллигини машҳур мутахассислар ҳам эътироф этган. Масалан, 2008 йилги Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида “Манчестер Юнайтед” ҳимоячиси Неманья Видичга қизил карточка кўрсатиб, уни ўйиндан четлаштирганда бош мураббий Алекс Фергюссон матчдан сўнг “Видични чиқариб юборганингиз учун раҳмат”, деган. ЖЧ-2014 чорак финали Голландия – Коста-Рика учрашувидан сўнг Коста-Рика термаси мағлубиятга учрасада, ўша жамоа бош мураббийи миннатдорчилик билдирган. Энг муҳими, бундай учрашувларни узоқ санаш мумкин.

102658889

ФАКТ 8. ТАҚДИМОТ
Хориждаги қайси мамлакатга бормасин (олтмишга яқин мамлакатда бўлган) тарих музейларига ташриф буюради. Бундан ташқари, ҳар бир турнирда бўлганида юртимизнинг гўзал табиати, чиройли шаҳарлари тўғрисида тақдимот қилади.

ФАКТ 9. БЎШ ВАҚТДА
Реферининг деярли бўш вақти бўлмайди, бироқ шундай паллада дўстлари билан теннис ўйнашни ёқтиради.

171157632

ФАКТ 10. БАХТЛИ ОИЛА
Равшан ва Муродахон бахтли оилалардан. Улар эгизак фарзандларни тарбияламоқда: ўғил ва қиз. “Энг катта орзум – фарзандларим ортидан ­“Ота­­нгга раҳмат!” деган эътироф эшитиш”, дейди Эрматов.
Улуғбек тўплади

 

Yangilik bilan o‘rtoqlashing!

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

© Xadjiyev Bobomurod, © Betakror Buxoro, 2016-2017. Barcha huquqlar himoyalangan. Saytda joylashtirilgan barcha ma'lumotlar O‘zbekiston Respublikasi qonunchiligiga muvofiq, shu jumladan, mualliflik huquqi va turdosh huquqlar to‘g‘risidagi qonunlar bilan qo‘riqlanadi. Joylashtirilgan ma'lumotlardan nusxa olish va boshqa maqsadlarda foydalanilganda www.betakrorbuxoro.uz ga havola ko‘rsatish majburiydir.